ДХХ Андижонда фирибгарлик ҳолатларига чек қўйди
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан тергов олди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Давлат хавфсизлик хизмати Андижон вилояти бошқармаси ходимларининг Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментини жалб қилган ҳолда ўтказган тезкор тадбири давомида Асака туманида яшовчи, 1974 й.т., вақтинча ишсиз бўлган Ҳабибулло Мадраҳимов фирибгарлик йўли билан ўзганинг пул маблағини ўзлаштириб олаётган вақтида ушланди.
Аниқланишича, Ҳ.Мадраҳимов маҳаллий фуқаро “С.Ш.”га иссиқхона қуриши учун “Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри” давлат корхонасининг Асака тумани филиали, туман фермерлар кенгаши ва қишлоқ хўжалиги бўлимидаги танишлари орқали 1 гектар ер ажратиб берилишига кўмаклашишни ваъда қилиб, ундан 10 минг АҚШ доллари талаб қилади ва ушбу сумманинг 2 минг долларини аванс сифатида олаётган вақтда ушланади.
Шунингдек, ДХХ ва Департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган бошқа бир тадбирда эса Андижон шаҳрида яшовчи, 1985 й.т. вақтинча ишсиз бўлган Муҳаббат Раҳимова Хўжаобод туманида истиқомат қилувчи, 1994 й.т. “Ж.З”дан у ва унинг дугонасини Қирғизистоннинг Ўш давлат университетига ўқишга киришларига ёрдам беришини айтиб, 2.200 АҚШ долларини олаётган вақтида ушланди.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан тергов олди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.