Филиппинлик мутахассисдан менежмент сабоқлари
Жорий йилнинг 1 май куни Гулистон давлат университети Рақамли иқтисодиёт ва инновациялар факультетида “Менежмент” йўналиши талабалари учун халқаро даражадаги илмий-амалий учрашув ташкил этилди.
Унда Филиппин Республикасидан ташриф буюрган мутахассис – магистр Faith Ruth E. Villanueva хоним томонидан “Бизнесда менежмент: тамойиллар ва амалиёт” мавзусида 6 соатлик маъруза ва семинар машғулотлари ўтказилди.

Машғулотлар интерфаол шаклда, талабалар билан очиқ мулоқот ва баҳс-мунозаралар асосида олиб борилди. Таълим жараёни давомида талабалар замонавий менежмент назарияси ва амалиёти бўйича чуқур билимларга эга бўлишди, шунингдек, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Хусусан, халқаро тажрибаларга оид мисоллар ва ҳақиқий ҳаётдаги бизнес вазиятлар таҳлили орқали билимларини мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлишди.

– Мазкур учрашув талабаларнинг назарий билимларини бойитиш, уларда раҳбарлик кўникмалари ва менежерлик қобилиятларини ривожлантиришга хизмат қилди,–дейди Рақамли иқтисодиёт ва инновациялар факультети декани Шерали Маҳмудов.
Учрашув якунида магистр Faith Ruth E. Villanueva хоним билан келгусида ҳам менежмент фанлари бўйича маъруза ва семинар машғулотларини давом эттириш юзасидан ҳамкорлик ҳақида келишувга эришилди.

Бу каби халқаро тажриба алмашинуви таълимнинг сифатини ошириш, талаба-ёшларни глобал меҳнат бозори талабларига мос равишда тайёрлашда муҳим омил ҳисобланади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири