Филиппин жанубидаги Моро халқи илк бор сайловда овоз бермоқда
Филиппин жанубидаги мусулмонлар яшайдиган Минданао минтақаси Бангсаморо мухтор ҳудуди (BARMM) аҳолиси мухторият қўлга киритилгандан бери илк бор сайловда иштирок этмоқда. Мамлакат етакчи ахборот агентлиги – PNA маълумотига кўра, Бангсаморо Органик қонуни (BOL) асосида ўтказилаётган ушбу овоз бериш жараёнида минтақа парламенти биринчи марта бевосита халқ томонидан сайланмоқда.
Янги парламент ҳозиргача муваққат бошқарувни амалга ошириб келган Бангсаморо ўтиш даври идораси (BTA) ўрнини эгаллайди.
Маълумотга кўра, 5,5 миллионга яқин аҳоли яшайдиган ва асосан мусулмон Моро этносидан иборат мазкур ҳудудда 2,4 миллион рўйхатга олинган сайловчи мавжуд. 80 ўринли Бангсаморо парламентида сиёсий партиялар пропорционал тизим бўйича 40 ўрин учун кураш олиб боряпти. Қолган 40 ўриннинг 32 таси қишлоқ округларига, 8 таси эса Моро бўлмаган маҳаллий туб аҳоли вакилларига ажратилган. Минтақанинг янги Бош вазири ҳам парламентнинг илк йиғилишида ушбу 80 нафар депутат томонидан овоз бериш орқали сайланади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА