Фидойи ходимлар тақдирланди (+видео)
Хабарингиз бор, 25 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ ходимларни мукофотлаш тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Фармонга мувофиқ, ходимларнинг бир гуруҳи — мамлакатимиз ички ишлар органларидаги кўп йиллик самарали меҳнати, юртимизда жамоат хавфсизлиги, халқимиз осойишталигини таъминлаш, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги ибратли фаолияти, шарафли бурчини бажаришда мардлик ва жасорат намунасини кўрсатгани, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш борасидаги алоҳида хизматлари учун «Жасорат», «Содиқ хизматлари учун», «Шуҳрат» медаллари ҳамда «Мардлик» ва «Дўстлик» ордени билан мукофотландилар.
28 октябрь куни, ИИВнинг Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти марказий аппарати биносида яна бир гуруҳ ходимлар – қуйи тизимидаги бўлим ва бўлинма раҳбарлари, профилактика инспекторлари ҳамда патрул пост хизмати сафдор ходимларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Мукофотланган ходимлар унвонлар, фахрий ёрлиқлар, ташаккурнома ва қимматбаҳо эсдалик совғаларини Ички ишлар вазири ўринбосари – генерал-майор Б.Мирзарахимов томонидан тантанали равишда қабул қилиб олдилар.
Бундан ташқари, ИИВ буйруғига асосан турар жой сотиб олган ходимларга дастлабки 25% миқдорида бадал пули тўлаб берилганлиги тўғрисидаги ваучерлар топширилди.
Байрам муносабати билан шунингдек, Ўзбекистон Республикаси транспорт прокурори номидан ҳамда “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ раҳбарияти томонидан йўлланган табрикнома ўқиб эшиттирилиб, ИИОларининг бир қанча ходимлари махсус эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги бошчилигида ташкил этилган “ЭНГ ЯХШИ ЭКСПЕРТ – КРИМИНАЛИСТ” кўрик танловининг республика босқичида фахрли I-ўринни эгаллаган катта лейтенант Икромжон Йўлдашев Ички ишлар вазирининг I- даражали дипломи ва 9 800 000 сўм пул мукофоти билан тақдирланди.
Тақдирланган уч нафар ходим ва ота-оналар табрик учун сўзга чиқиб, Ички ишлар органлари ходимларининг камтарона хизматлари юксак баҳоланаётганини таъкидладилар ва Ўзбекистон Президенти ҳамда Ички ишлар вазирлиги раҳбариятига ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.
Тадбир сўнгида ўз хизмат вазифасини бажариш вақтида вафот этган ходимлар хотирасига бағишлаб тайёрланган видеоролик намойиш этилди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/_TW5FYuw3Nc" title="Фидоий ходимлар тақдирландилар" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Маълумот учун, Ички ишлар вазири ўринбосарининг буйруғи билан жами 2836 нафар ходим рағбатлантирилди. Улардан 2687 нафар ходимлар - пул мукофоти, 90 нафар ходим ва 21 нафар фахрийларга – ташаккурномалар топширилди.
37 нафар ходимларнинг илгари берилган интизомий жазолари рағбатлантириш тариқасида муддатидан олдин бекор қилинди.
М.Эшмирзаева, ЎзА мухбири