Фестивалда ёшлар фаол иштирок этди
Миллий гвардия ҳарбий қисм командири ўринбосари майор Дилшод Ҳамроев ўзи туғилиб ўсган, Бухоро вилояти Олот тумани "Ғанчи Чандир" маҳалласида ватанпарварлик фестивали ўтказилишида ташаббус кўрсатди.
Янгиланиш ва яшариш, меҳр-мурувват, тинчлик ва эзгулик рамзи – Наврўз айёми кунларида Олот тумани "Ғанчи Чандир" маҳалласида “Армия ва халқ бир тану бир жондир” шиори остида ҳарбий-ватанпарварлик тадбири бўлиб ўтди.


Тадбир Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси, Қўриқлаш бошқармаси, вилоят ҳарбий горнизони ҳамда маҳалла фаоллари ҳамкорлигида ташкил этилди. Тадбирда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни қўллаб-қувватлаш, спорт билан шуғулланишларига ундаш ва ватанпарварлик ҳиссини янада ривожлантириш мақсадида бир қатор кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.
Ҳарбий оркестр томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар, фахрий қоровулнинг кўргазмали чиқишлари, Миллий гвардия хизмат итлари, айниқса, қўл жанги намойишлари ёшларда катта таассурот қолдирди.


Тадбир доирасида, камондан отиш ҳамда от спорти бўйича маҳорат дарслари ташкил этилди.
–Айни кунларда ёшларимизни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг фаолияти ёшлар учун ибрат мактаби вазифасини ўтаб, уларнинг эзгу ташаббуслари ёшларга намуна бўлмоқда, – дейди Миллий гвардия ҳарбий қисм командири ўринбосари майор Дилшод Ҳамроев. – Ўтказилган фестивал ёшларнинг Ватан ҳимоячисидек юксак ва шарафли касб эгаларига бўлган қизиқиши янада ортади. Айниқса ўзим туғилиб ўсган қишлоғимда тадбирни ташкил этиб, қишлоқ ёшларини Ватан ҳимоячиси бўлишга даъват этдим.


Фестивал доирасида турникда тортилиш, қисқа масофага югуриш, мини футбол ҳамда белбоғли кураш спорт турлари бўйича мусобақалар ҳам ташкил этилди.
Ғолиблар ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Зариф Комилов, ЎзА