Фес декларацияси қабул қилинди
Марокаш қироллигида бўлиб ўтган БМТ Цивилизациялар альянси IX Глобал форуми якуни бўйича Фес декларацияси қабул қилинди. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар қилди.
Ҳужжатда халқлар тинч-тотув ва фаровон яшаши учун зарур омиллар санаб ўтилган. Бу рўйхатдан таълим, аёлларнинг воситачиликда, тинчлик ўрнатишда иштироки, дин ёки эътиқодга асосланган камситишга ва муросасизликка қарши кураш, инсон ҳуқуқи ҳимояси, шунингдек, тинчлик ва тенглик йўлида спортни оммалаштириш каби масалалар ўрин олган.
Декларацияда миграция масаласи, тинчлик, биргаликда яшаш ва ижтимоий тотувликни таъминлашда диний етакчилар роли, шунингдек, дунё маданиятлари орқали кўп томонлама муносабатни тиклаш мавзусига ҳам ўрин ажратилган. Ҳужжатда интернетдаги нафрат уйғотадиган фикрга қарши курашни кучайтириш зарурлиги ҳам қайд этилган.
Бундан ташқари тинчлик даврида ва қуролли тўқнашув юз берганда маданий меросни асраб-авайлашга кўмаклашиш бўйича халқаро ташаббуслар, жумладан, ЮНЕСКО ташаббуслари юксак баҳоланган ҳамда “Дўстлар гуруҳи” аъзолари маданий мерос ва диний объектларни ноқонуний йўқ қилинишига қарши туришга чақирилган.
Г. Абдуллаева,
ЎзА