Фермерлар ва экспортчи корхоналар ўртасида кўплаб шартномалар имзоланди
Фарғонада бўлиб ўтган ҳудудий мева-сабзавот ярмаркасида 80дан зиёд агрофирма, фермер хўжалиги ва экспортчи корхоналар ўз маҳсулотларини намойиш этди.
Фарғонада бўлиб ўтган ҳудудий мева-сабзавот ярмаркасида 80дан зиёд агрофирма, фермер хўжалиги ва экспортчи корхоналар ўз маҳсулотларини намойиш этди.Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, айниқса, фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш, мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш, уларни қайта ишлаш ва экспорт қилиш ҳажмини оширишга қаратилган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётгани таъкидланди.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2016 йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим омил бўлмоқда.
Фарғона вилоятида ички бозорни йил давомида турли мева-сабзавотлар билан узлуксиз таъминлаш мақсадида иссиқхоналар ташкил этиш, боғ ва токзорларни кенгайтириш, етиштирилган ҳосилни куз-қиш мавсумида сифатли сақлаш учун омборхоналар қуришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда вилоятда 1 миллион 828 минг тонна мева-сабзавот, узум, картошка ва полиз маҳсулотлари етиштириш режалаштирилган. Етиштирилган маҳсулотлар вилоятдаги 47 экспортчи корхона томонидан экспорт қилинмоқда.
Вилоятда 2016-2020 йилларда қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, ярим тайёр ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган корхоналарни реконструкция қилиш бўйича 50,3 миллион долларлик 14 инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган.
2016 йилда вилоятда 2 минг 300 гектар пахта майдони қисқартирилиб, 539 гектарига картошка, 920 гектар ерга сабзавот, 434 гектарга озуқа экинлари, 79 гектарга мойли экинлар экилди. 237 гектар интенсив боғ, 92 гектар токзор барпо этилди.
Ярмаркада фермер хўжаликлари, мева-сабзавотларни қайта ишлаш ва экспорт қилишга ихтисослашган корхона ва ташкилотлар томонидан намойиш этилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари юқори баҳоланди.
– Серқуёш ўлкамизда етиштирилаётган мева-сабзавотлар жаҳон бозорида харидоргир, – дейди “Қуббо мева-сабзавот” агрофирмаси раҳбари Элёр Жамолов. – Жорий йилда 635 фермер хўжалиги билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш бўйича 30 миллиард сўмлик шартнома тузганмиз. Айни кунларда ушбу маҳсулотларни ички бозорга етказиб бериш билан бирга, экспорт ҳам қилмоқдамиз.
Ярмаркада маҳсулот етиштирувчи, қайта ишловчи, захира қилувчи ва экспортчи корхоналар ўртасида кўплаб шартномалар имзоланди.