Фермер янги тармоқни ишга туширди
Фарғона вилоятида кўп тармоқли фермер хўжаликлари томонидан кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Фарғона вилоятида кўп тармоқли фермер хўжаликлари томонидан кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.Президентимизнинг 2017 йил 9 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.
Бешариқ туманидаги “Шоҳрух боғбон” фермер хўжалиги қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш жараёнида фермерлик ҳаракатини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор, яратилаётган имконият ва имтиёзлардан унумли фойдаланиб, катта муваффақиятларга эришмоқда.
Боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжалигининг 7,8 гектари олмазор бўлса, 3 гектарида токзор ташкил этилган. Бу йил ҳосил ҳар қачонгидан мўл бўлди. Олманинг ҳаммасини маҳаллий бозорда бирваракайига сотишнинг иложи йўқ, шунинг учун катта қисмини захирада сақлаш керак бўлади. 3 гектар ердаги токзорда ҳам ҳосил чўғи баланд. Узумни ҳам қишга асраш, керак бўлса, экспорт қилиш катта фойда келтиради.
Ана шундай фикрларни ўйлаб юрган фермер яқинда мева сақлайдиган 750 тонналик совуткичли омборхона қурди. Омборхона Миллий банкнинг вилоят филиалидан олинган 510 минг доллар миқдоридаги кредит маблағи ҳисобидан қурилиб, замонавий хориж технологиялари билан жиҳозланди. Бу билан 12 кишининг бандлиги таъминланди. Фермер қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш тармоғини ҳам ишга туширишни мақсад қилган.
– Совуткичли омборда 7 катта хона, жумладан, саралаш ва сақлаш хоналари мавжуд, – дейди омборхона раҳбари Зайлобиддин Исмоилов. – Биз бу йил 300 тонна узум, 200 тонна хурмо, олма, 250 тонна сабзини захирага қўямиз. Бу аҳолининг мева-сабзавот маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, фермер хўжалигининг экспорт салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади.