Фермер хўжалиги ер майдонини 25 минг долларга сотмоқчи бўлган фирибгар ушланди
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Яшнобод туману бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “P.K.” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати томонидан тегишли ҳужжатларни расмийлаштирмасдан кўп қаватли уйнинг қозонхонасига 4 дона иситиш ускунасини ўрнатиб, ноқонуний равишда газдан фойдаланилгани аниқланди.
Натижада ҳудудий газ таъминоти корхонаси манфаатларига 311,1 миллион сўм зарар етказилган.
Яна бир ҳолатда чорва молларини талон-торож қилган МЧЖ собиқ директорининг кирдикорлари фош этилди.
Жумладан, Департаментнинг Миришкор тумани бўлими томонидан “Ўзбекистон қоракўлчилик” МЧЖнинг Миришкор тумани филиалининг мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда МЧЖнинг собиқ раҳбари Ч.Х. ўзининг жавобгарлигида бўлган 604,7 миллион сўмлик 2 минг 429 бош майда шохли молни сотиб юбориб, сотувдан тушган маблағни талон-торож қилганлиги аниқланган.
Чиноз туманида эса фермер хўжалигининг ер майдонини 25 минг долларга сотмоқчи бўлган фирибгар ушланган. Хусусан, Департаментнинг Чиноз тумани бўлими ҳамда ДХХнинг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро М.Х. фуқаро О.нинг ишончига кириб, у билан “R.F.” фермер хўжалигига тегишли бўлган 1,8 гектар ер майдонини 25 минг долларга сотишга келишиб, олдиндан 10 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА