Фахрийлар ҳамиша эътибор ва эъзозда
25 октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари куни
25 октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан Сурхондарё вилоятида узоқ йиллар самарали хизмат қилган фахрийлар ҳолидан хабар олиниб, уларга байрам туҳфалари топширилмоқда.

Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Абдувоҳид Исмоилов Ангор туманида бўлиб, ҳаётининг энг навқирон даврида ички ишлар органларида хизмат қилган бир гуруҳ фахрийлар хонадонида бўлди. Уларни касб байрамлари билан табриклаб, дилдан суҳбатлашди. Соҳада юз бераётган янгиланишлар, ўтмиш ва бугунги кунда яратилган шароитлар, ходимларга кўрсатилаётган эътибор хусусида фикр алмашди.
– Биз хизмат қилган йиллар билан ҳозирги даврни қиёсласа, кейинги йилларда ички ишлар органлари тубдан янгилангани кўзга яққол ташланади, – дейди истеъфодаги подполковник Чўтбой Абдураҳмонов. – У даврларда мослаштирилган, ҳаминқадар шароитларда хизмат қилган бўлсак, эндиликда ходимлар кенг, ёруғ ва барча қулайликка эга биноларда ўз бурчини бажармоқда. Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишда ҳам тамомила янги тизим яратилган. Ходимлар ва оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилаётган ғамхўрликлар ҳам шукрона айтишга арзийди. Буларнинг барчаси юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталигини таъминлашга қаратилгани қувонарлидир.

Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ангорлик истеъфодаги майор Бекмурод Менглиев ва истеъфодаги капитан Алишер Массиевлар хонадонида ҳам бўлиб, фахрийларни муборак шодиёна билан самимий табриклади.
Вилоятда ички ишлар органлари фахрийларини байрам билан муборакбод этишга қаратилган тадбирлар давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири