Фахрий дзюдочилар Лиссабонда беллашади
Эртага Португалия пойтахти Лиссабонда дзюдо бўйича фахрийлар ўртасидаги навбатдаги 12- жаҳон чемпионати бошланади.
30 ёшдан юқори бўлганлар ўртасида ўтказилаётган ушбу мусобақада Ўзбекистон дзюдо федерацияси раисининг ўринбосари Бекзод Тўрабоев бошчилигидаги фахрий спортчиларимиз Фарруҳ Бобоев, Жаҳонгир Эшманов, Жамшид Файзиев, Мухторхўжа Тўлаев Лиссабон татамиларида ғолиблик учун кураш олиб боришади, дея хабар бермоқда Ўзбекистон дзюдо федерацияси матбуот хизмати.
Дунёнинг 40 га яқин давлатидан 350 нафардан зиёд фахрий дзюдочи қатнашадиган мусобақаларда хизмат қиладиган ҳакамлар рўйхатида ўзбекистонлик халқаро тоифадаги ҳакам Рамзиддин Саидов қайд этилган.
Эътиборлиси, Токио олимпиадасидаги дзюдо баҳсларини бошқариб борган Саидов жорий йилнинг 17 октябрида Парижда якунланган "Катта Дубулға" туркумига кирувчи халқаро турнир баҳсларида ҳакамлик қилган эди. Энди ҳамюртимиз Португалия татамиларида ўзбекнинг адолатини тантана этади.
Эслатиб ўтамиз, фахрийлар ўртасидаги 11-жаҳон чемпионати 2019 йили Марокашда ўтказилган эди.
Т. Рўзиев,
ЎзА