“Фарзандларимнинг келажаги учун овоз бердим”
Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида сайлов участкаларига келолмаган беморларнинг ушбу жараёнда иштироки сайлов участкаси масъуллари томонидан эътиборга олинган.
Шаҳардаги Янги ҳаёт маҳалласида жойлашган сайлов участкасида 2236 нафар сайловчи рўйхатга олинган бўлиб, 37 нафар бемор фуқарога ўз уйида овоз бериши учун имконият яратилди. Шу маҳаллада яшовчи меҳнат фахрийси Рустам Бектемиров ҳам ўзига маъқул топган номзодга ўз уйида овоз берди.
– Яқинда юрак хасталиги билан оғир операцияни бошдан кечирдим, – дейди Рустам Бектемиров.
– Бу йил сайловда иштирок этолмас эканман, деган ўй бор эди. Сайлов ташкилотчиларидан миннатдорман. Улар хонадонимизга келиб, ўзим истаган номзодга овоз беришимга имкон яратди.
25 йил мобайнида шаҳардаги 11-умумтаълим мактабига раҳбарлик қилдим. Бугун ётиб қолган бўлсамда, ўз бурчимни адо этишни истагандим, албатта.
Ниятимга етдим. Менинг овозим, фарзандларимнинг келажаги учун берилган овоздир.
Ш.Суяров, Ф.Тошматов (сурат), ЎзА