Фарзандга йўл кўрсатяпмизми ёки уни ўз хоҳишларимиз қурбонига айлантиряпмизми?
Эндигина 15 ёшга қадам ташлаган ўғлимнинг феъл-атвори борасида мактабидан, атрофдан эътирозлар кўпайди. Ҳайрон бўлдим, чунки фарзандим табиатан бироз инжиқ бўлсада, оғир-вазмин, бўлар-бўлмасга жаҳл қиладиган одати йўқ эди. У билан бир неча марта яқиндан гаплашиб олмоқчи бўлганимда "ойижон, сиз мени тушунмайсиз", дея рад этди.
Боламнинг бу тарзда мендан хафа бўлиши чуқур ўйга толдирди. Ахир ҳамма ота-она фарзанди учун яшайди, унинг яхши яшаши, ҳаётда қийналмаслиги учун ҳаракат қилади. Аммо нега улар бизни тушунмайди, деб ҳисоблайди?
— Тарбия жуда машаққатли, қийин жараён, — дейди педагог-психолог Жадида Муҳиддинова. — Аксарият ота-оналар фарзандига кўп насиҳат қилади, лекин уни кам тинглайди. Боланинг келажаги учун қарор қабул қилишади, аммо бу қарорда унинг ҳоҳиши ва фикри қанчалик инобатга олингани ҳақида ўйлашмайди. Баъзан болага ечим эмас, уни эшитадиган инсон керак бўлади. У муаммосини айтганда, дарҳол танбеҳ бериш ёки ўз ҳаёт тажрибамизни мисол келтириш шарт эмас. Аввал унинг гапини охиригача эшитиш, ҳиссиётини тушунишга ҳаракат қилиш керак. У ҳам мустақил шахс, унинг фикрини ҳурмат қилишларини, ҳиссиётларини инкор этмасликларини ва қандай ҳолатда бўлмасин, эшитишларини истайди. Энг оғриқли жиҳати шуки, бола бир куни ота-онасига дардини айтишни тўхтатиши мумкин. Бу эса унинг муаммоси ечим топганини эмас, балки энди уни сизга айтишдан маъно кўрмаётганини англатиши мумкин. Фарзанд билан яқин муносабат уни назорат қилиш билан эмас, унинг қалбига йўл топиш билан қурилади. Баъзан “Мен сени тушунишга ҳаракат қиляпман, айтчи, сени нима хафа қилди?” деган бир оғиз савол мингта насиҳатдан таъсирлироқ бўлади. Ўйлаб кўрайлик, биз боламиз билан кўпроқ суҳбатлашяпмизми ёки унга насиҳат қиляпмизми? Боланинг қалбига йўлни фақат насиҳатнинг ўзи билан топиб бўлмайди. Ахир Мавлоно Жалолиддин Румий ҳам бежизга “ Ўринсиз насиҳат, кишини яралайди” дея таъкидламаган.
Бугун фарзандини тинглаган, унга мустақил қарор қабул қилиш имконини берган, хатосини ҳақорат билан эмас, тушунтириш билан тузатган ота-она келажакда ўз фикрига эга, масъулиятни ҳис қиладиган ва бошқаларни ҳурмат қиладиган инсон вояга етишига замин яратади.

30 йилдан зиёд фаолиятим давомида “Ёшларни олимликка тайёрлаш” мактабига асос солдим. Иш жараёнида кўплаб болалар билан суҳбатлашдим. Узоқ йиллар давомида болаларнинг ривожланишига кўмаклашдим. Машғулот чоғида ҳам бола билан, ҳам унинг ота-онаси билан ишлашга эътибор қаратганман. Чунки муаммо сизнинг фарзандингизда эмас, ўзингизда бўлиши мумкин. Боламиздан мукаммаллик талаб қиламиз, ўзимизчи? Ота-оналар кўпинча бир саволни беради: болам нега бундай қиляпти? Нега ёлғон гапиради, нега гапга қулоқ солмайди, нега ўзига ишонмайди ёки бошқалар билан келиша олмайди? Аммо баъзан бу саволларга жавобни боланинг ўзидан эмас, катталарнинг муносабати, оиладаги муҳит ва кундалик муомаладан излаш керак.
Ҳатто инсонларда аниқланган касалликларнинг ҳам психологик сабаблари бўлиши мумкин. Бола дунёни аввало ота-онасининг нигоҳидан таний бошлайди, у меҳрни ҳам, қўрқувни ҳам, ҳурматни ҳам, муносабат билдиришни ҳам, ҳатто нафратни ҳам энг яқин инсонларидан ўрганади. Катталарнинг ҳар бир сўзи, хатти-ҳаракатлари, ҳатто жимлиги ҳам боланинг дунёқараши шаклланишига таъсир кўрсатади. Масалан, фарзандимиз ёлғон гапирса, уни дарҳол ёлғончиликда айблаш осон. Бироқ, нима учун ҳақиқатни айтишдан қўрқяпти? Балки хатоси учун қаттиқ жазоланишидан, танбеҳ эшитишидан ёки ота-онасининг ишончини йўқотишидан хавотир олаётгандир? Бундай вазиятда болани фақат жазолаш эмас, унинг рост гапиришга журъат топиши учун хавфсиз муҳит яратиш муҳим.
Шундоғам ўзига ишонмайдиган болага яна танбеҳ беравериш, уни босим остига олиш, бошқалар билан таққослаш ёки имкониятларини камситиш муаммони янада кучайтириши мумкин. “Сендан ҳеч нарса чиқмайди”, “Қўлингдан келмайди”, “Фалончининг боласига қара” каби огоҳлантиришлару, танбеҳлар катталар учун оддий танқиддек туюлиши мумкин, бола бу сўзларни ўз шахсига берилган баҳо сифатида қабул қилиши эҳтимолдан холи эмас.
Бола қўрқув билан эмас, ишонч билан қарор қабул қилсин
Бола билан мулоқот қилиш ҳам тарбиянинг энг муҳим қисмларидан бири. Унинг фикрини эшитиш, саволларига жавоб бериш, кун давомида нималарни бошидан кечирганига қизиқиш билдириш — буларнинг барчаси ўзаро ишончни мустаҳкамлайди. Афсуски, баъзан кўпчилик ота-оналар фарзандининг моддий эҳтиёжларини таъминлашни тарбиядаги асосий вазифа деб билади. Яхши кийим, тўкин дастурхон, замонавий телефон ва таълим учун шароит яратилади. Аммо боланинг ҳис-туйғулари, саволлари ва ички кечинмаларига вақт ажратиш кейинги ўринга тушиб қолади. Аслида, бола учун энг қиммат совға ҳар доим ҳам моддий буюм эмас. Баъзан уни диққат билан тинглаш, хатосини тушунишга ҳаракат қилиш, кичик ютуғини эътироф этишнинг ўзи катта рағбат бўлади.
Болани ҳаддан ташқари назорат қилиш ҳам, ҳатто уни ортиқча ҳимоялаш ҳам хатоликларга олиб келиши мумкин. Гоҳида фарзандини ҳар қандай қийинчиликдан асрашга интиладиган ота-она унинг ўзи қарор қабул қилиши, муаммони ҳал этиши ва хатоларидан хулоса чиқариши учун имконият қолдирмаслиги мумкин. Натижада бола мустақилликка қийналади, масъулиятни ўз зиммасига олишдан чўчийди. Бироқ бу болани ўз ҳолига ташлаб қўйиш керак, дегани эмас. Тарбияда назорат ҳам, эркинлик ҳам бўлиши лозим. Муҳими, улар ўртасидаги меъёрни топиш. Бола ўз хатти-ҳаракатининг оқибатини англасин, бироқ хатога йўл қўйганида ота-онасининг меҳридан маҳрум бўлишидан қўрқмасин.

Боланинг тажовузкорлиги, қўполлиги ёки бошқаларга нисбатан ҳурматсизлиги ҳам эътиборсиз қолдириладиган ҳолат эмас. Аммо бу хусусиятларни фақат ота-она хатоси билан изоҳлаш ҳам тўғри бўлмайди. Боланинг феъл-атвори, ёши, тенгдошлари, таълим муассасасидаги муҳит, кўрган тажрибалари ва бошқа омиллар ҳам унинг хулқ-атворига таъсир қилади.
Шунинг учун ҳар бир салбий хатти-ҳаракат ортида қандай эҳтиёж ёки муаммо турганини тушунишга ҳаракат қилиш зарур. Фарзанд тарбияси фақат болани ўзгартириш жараёни эмас. Бу аввало, катталарнинг ҳам ўз устида ишлаши, муомаласи ва қарашларини қайта кўриб чиқишидир. Баъзан боладан сабр талаб қиламиз, аммо ўзимиз унинг гапини охиригача эшитишга тоқат қилмаймиз. Ундан ростгўйлик кутиб, ўзимиз ваъдамизда турмаймиз. Ҳурмат талаб қиламиз, аммо унинг шахсий фикрини инобатга олмаймиз. Тарбиянинг натижаси бир кунда кўринмайди. У йиллар давомида тўпланган ишонч, меҳр, талабчанлик, шахсий намуна ва ўзаро тушуниш маҳсулидир.
Муҳайё Тошқораева ёзиб олди.
ЎзА