Фарзанд она тарбиясига қайтарилди — МИБ
Она фарзандига етарлича меҳр ва ғамхўрлик кўрсатиши мумкин, аммо у ота меҳрини бера олмайди. Чунки бола ўзига бўлган ишончни ва жасоратни отадан олиб ўсади. Шунингдек, ота фарзандига оталик меҳрини бериб, уни бекам-у кўст вояга етказиши мумкин, аммо боланинг она меҳрини кўрмай ўсганлиги ҳаёт йўлларида барибир сезилади.
Шу тариқа оилада ота-онанинг бир фарзанд тарбиясидаги ўрни, меҳри ва ғамхўрлиги алоҳида ва ўзига хос бўлади.
Ажрим эса ҳар қандай вазиятда ҳам энг охирги йўл бўлиб, ҳолат шу даражага етгунга қадар, оила устунини сақлаб туриш ҳар икки томоннинг бирдек масъулиятли бурчи бўлиши керак. Қолаверса, ажрим оқибатида вояга етмаган болаларнинг нозик қалби парчаланмаслиги учун ҳам ота ва она бирдек, оилани сақлаб қолишга интилиши мақсадга мувофиқдир.

Мисол учун, Бюронинг Фарғона туман бўлими иш юритувига келиб тушган ҳолатга кўра, аёл ва эркак орасида келиб чиққан тушунмовчиликлар оқибатида Неъматовлар оиласига дарз кетади, фарзанд эса ота тарбиясида қолади. Беш ой давомида фарзандини кўришдан маҳрум бўлиб келган она охир-оқибат судга мурожаат қилиб, суд қарорига кўра бола онасининг қарамоғига қайтарилиши белгиланади.
Собиқ турмуш ўртоқ аввалига фарзандини онасига қайтаришни истамайди, бола ҳам онасидан яшириниб, уйга қулфланиб олади. Аммо онанинг меҳрли сўзлари ва эркалашлари бола қалбидаги гўдакларга хос бўлган аразни эритиб юборади.
Суд қарори ижросини таъминлашга масъул бўлган Бюронинг Фарғона туман бўлими ходимлари томонидан мазкур оила аъзолари ва хонадон вакилларига тушунтириш ишлари олиб борилгач, бола онаси қарамоғига топширилган.
М.Эшмирзаева, ЎзА