Фарзанд камоли – жамият бахти
Маънавият ва тарбия
Халқимиз – болажон. Ҳар бир инсон уларнинг бахт-у иқболи, камоли деб яшайди. Ота ва она фарзанд, унинг манфаатлари рўёби учун яратилгандек гўё.
Эрталаб фарзандини нонушта учун уйғотаётган она, куни билан нима қилишини сўраётган ота, ёнида суҳбатдош бўлишини истаётган бобо-бувиларнинг дуоларида ҳам “фарзандларимизни Яратган ўз паноҳида асрасин...” каби тилаклари чексиз ва уни сўз билан таърифлаш мушкул. Улар боласи қўлидан маҳкам тутади –жон-жаҳди билан асрайди. Кулса – кулади, ютуқларга эришса, хурсандчиликдан дунёларга сиғмайди. Чунки боласи – унинг орзуси, келажак умиди, қувончи манбаи. Аммо озор чекса, тунлари уйқусиз, кунлари эса ҳаловатсизликка айланади. Шундай экан, улар учун вақтимизни қизғанишга ҳаққимиз борми? Унинг тарбиясигачи?
Сўнгги вақтларда пандемик вазият, юзага келган карантин ҳолатига қарамай, фарзанд тарбияси масаласи унутилмади. Таълим устозлар томонидан телеканаллар орқали онлайн усулда берилган бўлса, тарбия ҳар бир ота ва она зиммасига юкланди. Бу масала ҳатто давлат сиёсатининг узвий қисмига айланди ҳам. Бунинг исботини Президентимизнинг кўплаб маърузаларида “Ҳар бир боланинг таълими ва тарбияси эътиборсиз қолдирилиши мумкин эмас”, дея таъкидлаётганидан ҳам кўриниб турибди.
Агарда тарбия масаласида нохуш воқеа содир бўлса, одатда болаларимизни айбдор қиламиз. Нега? Ахир, уларнинг истагини бажаряпмиз-ку? Улар учун боримизни берамиз. Аммо фарзандимизга қачондан меҳнат қилиш ва китоб ўқиш зарурлигини қай даражада ўргатяпмиз? Уларга ёшига муносиб китобларни тавсия қила оляпмизми? Ёки қайси фильмлар кўриши мумкинлигини-чи? Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданиятини-чи... Ўзимиз қанчалик биламиз улар ҳақида?
Баъзан панд-насиҳатига қулоқ солмаётган фарзандларидан нолиётган ота-оналарни учратамиз. Уларни дангаса қилиб тарбиялаб, вақтида тарбия бермаган ўзимиз эмасми? Нима учун шу ҳақида ўйлаб кўрмаймиз? Масалан, фарзанд 3 ёшгача қандай меҳнатни қила олиши ёки қандай билимларни олиши керак? 6 ёшда нималарни билиши зарур? Балоғатга етганда-чи? Турмуш қуришидан аввал уларга оила масъулияти, мажбурияти ҳақида тушунтирдикми? Ахир, буни биз ўргатмасак, ижтимоий тармоқда ўргатувчилар бисёр. Айбдорни излаш, айбни ўзимиздан соқит қилиш жуда ҳам осон. Хўш, қаерда хатоликка йўл қўйдик? Ўйлаб кўрайлик. Гоҳ интернетни айбдор қилаётган ота-онани кўрсак, гоҳ телеканаллардаги сериаллар сабабчи деяётганларга гувоҳ бўляпмиз. Бунга ким айбдор? Болаларни айблашдан аввал, ота-оналар масъулияти ва мажбуриятини тафаккур қилиш керакмикин?
Маълумки, фарзандлар тарбиясига эътибор қаерда кучли бўлса, ўша жойда ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик барҳам топади. Аксинча бўлса, маънавият инқирозга юз тутади.
Абу Али Ибн Сино бундан минг йиллар илгари “Бола тарбияси билан аввало оила, ота-она шуғулланмоғи лозим. Бола ахлоқи шаклланишида – ота-онанинг бир-бирига бўлган муносабати муҳим ўрин тутади. Бунинг учун оила аъзоларининг ҳар бирига маълум вазифалар юклатилган бўлиши керак”, деб бежиз айтмаган эди.
Ота-она болаларига берадиган ҳадялар, гўзал либослар, сархил ичимлигу егуликлар маънавият кўмагисиз зарарли одатлар урчишига хизмат қилишини англаш зарур. Чунки маънавият замирига қурилмаган ҳар қандай тарбия вайронкорлик томон юз буриши – ҳақиқий маънодаги таҳдидга айланиши табиий.
Аслида, тарбиячининг ўзи кези келганда тарбияланувчи – ўрганувчи бўлиши талаб қилинади. Акс ҳолда, шарқ халқларига хос узлуксиз тарбия тизимига путур етади. Унга кўра, ҳар бир инсон, ёши ва жинсидан, ижтимоий ҳолатидан қатъий назар, тарбияланувчидир. Зеро, тарбия кўрган одамгина бошқаларга ижобий таъсир кўрсатишга қодир бўлади.
Демак, тарбия – масъулият ва жавобгарлик, қолаверса, омонатдорлик масаласидир. Омонатларимиз – азиз фарзандларимиз тарбиясига бефарқ бўлмайлик, Ватан олдидаги бурч ва масъулиятимизни бажаришда кечикмайлик! Омонатга хиёнат қилишдан тийилайлик!
Фарзандларимизга ҳам буни ўргатайлик. Шундагина хатолар камаяди. Маънавият ҳам, маънавиятсизлик ҳам тарбия, китоб мутолааси орқали қалбга ўрнашади. Нимани эксак, шуни ўрамиз. Зеро, “Қуш уясида кўрганини қилади”.
Демак, болаларда меҳнатга онгли муносабатни шакллантириб бориш, китоб ўқишга қизиқишни ортиришда билимимиз билан намуна кўрсатишимиз шарт. Тарбиянинг маҳсули ширин бўлсин. Шунинг ўзи бахтдир. Абу Наср Фаробий айтганидек, “билим инсонни яхши хулқли, саховатли ва ақл-идрокли қилади. Инсон билимсиз ўзи кўзлаган мақсадига эриша олмайди. Инсон бахт-саодатга эришмоғи учун инсоний фазилатларнинг мазмун-моҳиятини ҳам англаб олмоғи зарур”.
Чиндан ҳам норасида гўдакларимиз эртага бахтли бўлишини истасангиз, бугундан ҳаракат қилинг!
Мунира Қаҳҳорова,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи.