Фармацевтикада халқаро ҳамкорлик: сифат ва хавфсизликка эътибор
Пойтахтимизда бўлиб ўтган «USP CAC Regulatory Authorities Meeting» халқаро форуми доирасида Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директори Алишер Темиров қатор халқаро ташкилотлар ва хорижий регуляторлар вакиллари билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.
Мулоқотларда Миср ва Тожикистоннинг регулятор органлари, АҚШ Фармакопеяси (USP)нинг Марказий Осиёдаги раҳбарияти, «Neopharma» компанияси ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари элчихонаси вакиллари иштирок этди.
Учрашувларда фармацевтика соҳасида халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, мутахассислар алмашинуви, қўшма тренинг ва семинарлар ташкил этиш, илғор тажрибаларни ўрганиш масалалари муҳокама қилинди. Музокаралар давомида USP кўмагида дори воситаларининг назорат намуналари билан таъминлаш масаласи бўйича ҳам муҳим келишувга эришилди. Мазкур ҳамкорлик лаборатория назоратининг имкониятларини кенгайтириш, синов жараёнларининг сифатини ошириш ва замонавий халқаро амалиётларни жорий этишга хизмат қилади.
Шунингдек, Бирлашган Араб Амирликларининг «Emirates Drug Establishment» (EDE) раҳбарияти билан алоҳида учрашув ва музокаралар ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Келгусидаги мулоқотларда фармацевтика регуляторикаси, фармаконазорат ҳамда дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш йўналишларидаги илғор тажрибани ўрганиш ва ўзаро тажриба алмашиш масалаларига эътибор қаратилади.
Мазкур учрашувлар Ўзбекистоннинг халқаро фармацевтика ҳамжамияти билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, илғор хорижий тажрибани миллий регулятор тизимига жорий этиш ҳамда дори воситаларининг сифати, хавфсизлиги ва самарадорлигини таъминлаш бўйича халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.
Форум доирасидаги музокаралар Ўзбекистон фармацевтика регулятор тизимининг халқаро ҳамкорлик географиясини кенгайтириш ва соҳада замонавий ёндашувларни татбиқ этишга хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА