Фармацевтика лабораторияларида таҳлил усулларининг ишончлилигини баҳолаш бўйича ўқув-тренинг бўлиб ўтмоқда
Фармацевтика маҳсулотлари сифатини таъминлашда лаборатория таҳлилларининг аниқлиги ва ишончлилиги муҳим ўрин тутади. Шу боис бугун, Tashkent Pharma Park мажмуасида фармацевтика лабораторияларида қўлланиладиган аналитик усуллар яхлитлигини баҳолашга бағишланган махсус ўқув-тренинг ўз ишини бошлади.
“Фармацевтика лабораторияларида қўлланиладиган аналитик усуллар яхлитлигини баҳолаш, бунда фойдаланиладиган стандарт намуналарга алоҳида эътибор қаратиш” мавзусидаги тренингда АҚШ Фармакопеяси (USP) вакили Кристиан Зейне иштирок этиб, иштирокчиларга лаборатория таҳлилларида фойдаланиладиган стандарт намуналар ва аналитик усуллар ишончлилигини баҳолаш бўйича амалий ва назарий маълумотлар бермоқда.

Ўқув жараёнида муайян аналитик усулда қандай стандарт намуналар қўлланилиши, уларнинг ишончлилигини тасдиқлаш учун қандай қўшимча маълумотлар талаб этилиши, шунингдек, усулларни верификация ва валидация қилиш масалалари кўриб чиқилмоқда. Бундан ташқари, стандарт намуналарнинг деградацияга учрамаганлигини баҳолаш, ўлчашдаги ноаниқлик ва кузатувчанлик ҳамда стандарт намуналарни тавсифлаш каби муҳим жиҳатларга ҳам эътибор қаратилмоқда.
– Мазкур масалаларнинг амалий аҳамияти шундаки, лаборатория таҳлилининг аниқлиги дори воситасининг белгиланган сифат талабларига жавоб беришини баҳолашда муҳим омил ҳисобланади, – деди Кристиан Зейне. – Аналитик усуллар ёки уларда қўлланиладиган стандарт намуналар билан боғлиқ камчиликлар нотўғри натижаларга олиб келиши мумкин. Шу сабабли бундай жараёнларни халқаро ёндашувлар асосида тўғри баҳолаш дори воситалари сифатини назорат қилиш тизимининг муҳим таркибий қисмидир.

Тренингда инспекция йўналишидаги мутахассислар, CTD форматидаги ҳужжатларни баҳоловчи экспертлар ҳамда миллий назорат лабораторияларининг мутахассис ва аналитиклари иштирок этмоқда. Дастур доирасида назарий машғулотлар билан бирга иштирокчилар гуруҳларга бўлиниб, амалий топшириқлар устида ишлайди, натижаларни тақдим этади ва case study асосида муайян ҳолатларни муҳокама қилади.
Бугун бошланган ушбу ўқув-тренинг фармацевтика лабораторияларида аналитик усулларни баҳолаш бўйича замонавий ёндашувларни амалиётга янада кенг жорий этиш, мутахассисларнинг касбий салоҳиятини ошириш ҳамда дори воситалари сифатини назорат қилиш жараёнларининг ишончлилигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА