Фарғонанинг янгиланган бош дарвозаси (+видео)
Фарғона шаҳри кириш қисмида жойлашган “Мустақиллик дарвозаси” бугун мутлақо янги қиёфада намоён бўлмоқда. Нафақат меъморий иншоот, балки халқимиз учун чуқур маънавий рамз ҳисобланган ушбу дарвоза янгиланишлардан сўнг янада кўркам ва салобатли кўриниш касб этди.
Азалдан дарвоза халқимиз ҳаётида оддий кириш-чиқиш воситаси эмас, балки остона, янги ҳаёт бошланиши ва ҳимоя тимсоли сифатида қадрланган. Қадимда шаҳар ва давлатларга кириш махсус дарвозалар орқали амалга оширилиб, бундай иншоотлар дастлаб мудофаа вазифасини бажарган бўлса, кейинчалик рамзий аҳамият касб этган.
Мустақилликнинг илк йилларида бу анъана Фарғонада ҳам ўз ифодасини топди. Хусусан, 1992 йил август ойида шаҳар кириш қисмида рамзий дарвоза барпо этиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, қурилиш ишлари қисқа муддатда амалга оширилди. Шу йил 25 декабрь куни иншоотнинг тантанали очилиш маросими ўтказилиб, унга “Мустақиллик дарвозаси” номи берилди.
Бугун мазкур дарвоза вилоятнинг муҳим рамзларидан бири сифатида эътироф этилмоқда. Яқинда амалга оширилган реконструкция ишлари натижасида унинг қиёфаси янада бойиди. Жумладан, марказий ва тўртта кичик гумбаз тўлиқ янгиланди, атроф ҳудуд ободонлаштирилди. Мармар қопламалар замонавий материаллар билан алмаштирилди. Нақшинкор ёғоч устунлар эса иншоотга ўзига хос кўрк бағишламоқда. Шунингдек, замонавий ёритиш тизими жорий қилиниб, дарвозанинг тунги манзараси янада жозибадор тус олди.
[gallery-29395]
Бугун “Мустақиллик дарвозаси” Фарғона шаҳрининг энг диққатга сазовор ва салобатли иншоотларидан бирига айланган. У нафақат шаҳар қиёфасини безаб турибди, балки мустақиллик қадриятлари, тараққиёт ва янгиланишлар рамзи сифатида ҳам аҳамият касб этмоқда.
Айни пайтда ҳудуддаги ер ости йўлагининг ҳолати ҳам таъмирталаб экани кўзга ташланади. Узоқ вақтдан буён таъмирланмаган мазкур йўлакни ободонлаштириш ва қайта таъмирлаш зарурати мавжуд.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/i4puaJKkB1s" title="Farg‘onaning yangilangan bosh darvozasi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат, видео), ЎзА