Фарғоналиклар давлат хизматлари марказларидан мамнунми?
Фарғона вилоятидаги 19 та давлат хизматлари марказлари томонидан 2018 йилдан 2021 йилнинг биринчи чорагига қадар жисмоний ва юридик шахсларга 3 миллион 185 минг 572 та давлат хизматлари кўрсатилган. Шундан 55 мингдан ортиғи чекка ва олис ҳудудларга борган ҳолда имконияти чекланган, ёлғиз, кекса фуқароларга мобиль тартибда ташкил этилган.
Илгари яшаб турган хонадонимизнинг кадастр ҳужжатини тайёрлашга ойлаб, ҳатто йиллаб қимматли вақтимизни сарф қилганмиз. Ҳужжатбозликнинг кўплигидан аксарият фуқаролар “тинчгина” ўтиришни афзал билишарди. Бугун-чи? Одамлар бирор юмушга эҳтиёжи тушса, дарҳол Давлат хизматлари марказларига бормоқда. Кундалик турмушимизда тез-тез учраб турувчи хизматлар эндиликда тезкор, қулай ва шаффоф ҳолда деярли ҳар бир оилага кириб борди. Яратилган шарт-шароит қимматли вақтни тежаш, турли оворагарчилик ва харажатларнинг олдини олиш имконини бермоқда.

Пандемия сабаб бутун дунёда бошланган карантин чекловлари барча ташкилот ва корхоналарни, халқаро корпорациялар, йирик ишлаб чиқарувчиларни аёвсиз синовдан ўтказди. Янгича фикрлаш ва ишлашга мажбур қилди. Хусусан, мамлакатимизда ҳам барча соҳалар пандемия шароитига мажбурий-ихтиёрий равишда мослашди.
Давлат хизматлари агентлиги тизимида ҳам бу даврда аввалдан жорий қилинган, бироқ “юриб кетмаётган” онлайн хизмат кўрсатишга бўлган эҳтиёж кескин ортди. Янгича ва замонавий тизим эса мураккаб шароитда нақадар тўғри танлов эканлигини амалда исботлаб қўйди. Айни кунларда вилоятда бу борада самарали ишлар амалга оширилмоқда. Шу кунга қадар “Сиз қаерда бўлсангиз, биз ҳам ўша ердамиз”, “Сиз келманг, ўзимиз борамиз” тамойиллари ва “Ўзимиз келдик” акцияси асосида 104 мингдан ортиқ фуқароларга сайёр давлат хизматлари кўрсатилди.
-Шунингдек, олис чўл ва тоғли ҳудудларда ҳам филиаллар ташкил этишга киришилди, -дейди Давлат хизматлари агентлиги Фарғона вилоят бошқармаси бошлиғи Раънохон Бойқўзиева. -Бугун уларнинг сони вилоят бўйича 9 тага етди. Жумладан, Фарғона туманида фуқаролар ва тадбиркорларга янада қулайлик яратиш мақсадида “Шоҳимардон”, “Чимён” филиаллари ташкил этилган. Шу кунга қадар улар орқали аҳолига 5 минг 700 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган. Бундан ташқари, Учкўприк туманида “Оқ сув”, Бувайда туманида “Бувайда”, Бешариқ туманида “Рапқон”, Фурқат туманида “Чекчувалдоқ”, Қува туманида “Акбаробод”, Қувасой ва Фарғона шаҳарларида “Қўчқорчи” ҳамда “Қиргули” филиаллари фуқаролар учун хизмат қилмоқда.

Бугун давлат билан халқ ўртасидаги мулоқот янги босқичга кўтарилди. Фуқароларга қулайлик яратиш ва шаффофликни таъминлашга қаратилган давлат хизматларини кўрсатишнинг янгича тизими ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди.
М. Сулаймонов, ЎзА