Фарғоналик ёшлар Президент ишончини оқлайди
Янги Ўзбекистоннинг бунёдкори бўлган ёшлар мамлакатимиздаги ислоҳотларда фаол иштирок этмоқда. Уларнинг илм-фан, тадбиркорлик, маданият, спорт каби соҳаларда эришаётган ютуқлари янада фахрли. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 28 июнь куни бўлиб ўтган ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар сарҳисоби, янги вазифа ва таклифлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида ёшларимиз учун янги имкониятлар эшиги очилди, десак муболаға бўлмайди.
Дарҳақиқат, бугун ёшларнинг камолоти йўлида катта ишлар бажариляпти, улар билан ишлашда янги тизим ўз самарасини бермоқда. Фарғона вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Муҳаммадамин Ғаниев амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги вазифалар ҳақида гапириб берди.

–Вилоятимиз аҳолисининг 914 минг 539 нафарини 14-30 ёшдагилар ташкил этади, – дейди М.Ғаниев. – Уларнинг ҳар бири давлатимизнинг эътиборини ҳис этиши, орзу-истакларини рўёбга чиқариш йўлида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан энг қуйи бўғин-маҳаллада ёшлар билан ишлашга эътибор қаратилиб, улар билан индивидуал ишлаш, эътиборга муҳтож ёшларнинг муаммоларини бартараф этиш, уларнинг бандлигини таъминлаш асосий вазифа сифатида қаралмоқда. “Оғир” тоифадаги ёшлар номма-ном бириктирилаётган раҳбарларга маҳаллалардаги истеъдодли ва иқтидорли ёшларни ҳам номма-ном бириктириш амалиёти жорий этиш белгиланди.

Жорий йилда 11 минг 815 минг нафар “оғир” тоифадаги ёшлар “Ёшлар баланси” асосида 624 нафар маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат иштирокидаги корхона ва ташкилотлар ҳамда олий таълим ташкилотлари раҳбарларига бириктирилди. Улар билан манзилли ишлаш бўйича туман -шаҳар, сектор ва маҳаллалар кесимида “йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

Ҳозирга қадар масъул раҳбарлар томонидан ўзларига бириктирилган ёшлар билан учрашув ва мулоқотлар ўтказилди. Учрашувларда 2 минг 82 нафар ёшларнинг 2 минг 114 та ижтимоий-иқтисодий муаммолари аниқланиб, бугунги кунгача уларнинг 1 минг 283 нафарига турли хил йўналишларда амалий ёрдам кўрсатилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2024 йил 12 январь куни ўтказилган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида ёшлар масаласига алоҳида тўхталиб, ҳуқуқ-тартибот ва мудофаа органларига 4 миллион ёшларни бириктириб, уларни оталиққа олиш ҳамда ёшлар билан манзилли ишлаш тизимини ташкил этиш бўйича бир қатор вазифалар белгилаб берилди. Берилган топшириққа асосан вилоят бўйича 325 минг нафар ёшлар ҳуқуқ-тартибот ва мудофаа органлари ҳамда уларнинг қуйи бўлинмалари ходимларига тақсимланиб, шахсан оталиққа олиниши ва кафил бўлиши орқали уларда ватанпарварлик, жамият хаётига дахлдорлик ва қонунга ҳурмат каби эзгу туйғулар шакллантирилишига эришилмоқда.

Ўтказилган учрашувлар давомида 9 минг 321 нафар ёшларнинг ижтимоий ва маиший муаммолари аниқланиб уларнинг 1 минг 190 нафар “маҳалла еттилиги” ҳамда тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида ҳал этилди.
Жорий йилда вилоят бўйича 10 минг 266 нафар ёшлар “Ёшлар дафтари”га киритилиб, 5 минг 777 нафарига манзилли ва мақсадли ёрдам кўрсатилди. Вилоятимиздаги ҳар бир маҳаллада “фуқаробай” тасдиқланган “Ёшлар бандлиги дастури” амалга оширилиб, ижро ҳолати кунлик таҳлил қилиб борилмоқда. Йил бошидан 11 минг 65 нафар ишсиз ёшларнинг 7 минг 726 нафарини бандлиги таъминланди. Ҳар бир раҳбар ўзига бириктирилган ёшлар билан тўлиқ учрашиб, ёшлар томонидан кўтарилган ижтимоий-иқтисодий ва маиший муаммоларини ҳал этиб келмоқда.
Ёшлар етакчилари томонидан хорижда ишлаш ва ўқиш истагини билдирган ёшлар рўйхати шакллантирилди. Ёшларимизга биринчи навбатда тил ва касб-ҳунар ўргатиш ҳамда меҳнат шароити, иш ҳақи юқори бўлган ривожланган Германия, Жанубий Корея, Польша, Канада, Қатар каби давлатларга шартнома асосида жўнатиб, миграцияни диверсификация қилиш белгилаб олинди.
Фарғона шаҳридаги “Wegweiser” ўқув марказида 512 нафар ёшлар ҳозирда немис тилини ўрганмоқда. Ҳозирда Фарғона тажрибаси сифатида вилоятнинг барча туман, шаҳарларидаги умумтаълим мактабларининг бўш турган биноларида “Wegweiser” ўқув марказининг филиаллари учун жой ажратилди. Бугунги кунда 8 та туманда 60 нафардан - 480 нафар ёшларни ўқитиш ишлари бошланди. Бир ой ичида ушбу лойиҳа вилоятнинг барча ҳудудларида амалга оширишни бошлайди. Буларни июнь-июль ойларида 200 нафари Германияга ишга юборилади.
Шу билан биргаликда ёшлар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, китобхонликка жалб этиш борасида ҳам кўплаб ишлар олиб борилмоқда.
Ёшларимиз орасида тадбиркорликни йўлга қўйган, янги ғоялар ташаббускори бўлгани, таълим, маданият, спорт каби соҳаларда ютуқларга эришаётгани жуда кўп. Бу каби ёшлар бошқаларга ибрат бўлаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Давлатимиз раҳбари ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар сарҳисоби, янги вазифа ва таклифлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида кўплаб ташаббусларни илгари сурди. Ёшлар билан самимий мулоқот қилиб, орзу-мақсадлари билан қизиқди. Бундай эътибор биз ёшларга катта масъулият юкламоқда. Фарғоналик ёшлар ўз билими, иқтидори ва меҳнати билан Президентимизнинг ишончини оқлайди.
М.Сулаймонов,
ЎзА мухбири