Фарғоналик ижодкорлардан байрамга туҳфа
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими Наврўз байрамига ўзига хос туҳфа тайёрлади. Бўлимнинг молиявий кўмагида 7 нафар ижодкорнинг китоби нашр этилиб, ихлосмандларга тақдим қилинди.
Бугунги шиддатли даврда ижодкорлар олдида жуда катта вазифалар турибди. Халқимизнинг маънавий оламини бойитиш, замон қаҳрамонлари образларини яратиш, сара асарларни ўқувчиларга тақдим этиш шулардан биридир. Фарғоналик шоир ва ёзувчилар бу борада доимо пешқадам бўлиб, самарали фаолият олиб бормоқда. Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими томонидан ўтган йилда 18 та ижодкорнинг китоби чоп этилди. Коронавирус пандемияси бўлсада карантин талаблари асосида адабиёт байрамлари, халқимизнинг севимли шоир ва ёзувчиларининг юбилейлари ўтказилди. Истеъдодли ёшларни кашф этиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаби ўқувчиларининг эришаётган ютуқлари ҳам Фарғона адабиётини умидли давомчилари борлигидан далолатдир.
Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Ҳанифа Умматқулованинг “Ишонч қўрғони”, Ўктамхон Солиеванинг “Опоқижон, опоқи”, истеъдодли ёш ижодкорлар Дилшода Эргашеванинг “Юрак тортмаси”, Дилнавоз Қўлдошеванинг “Кўнглимга кўчади фарғонагуллар”, Мунира Қўқонованинг “Қуёшга айланса юрагим маним”, Мамлакат Ўктамнинг “Вужудимга беркинган кўнглим”, Оқилжон Ғофуровнинг “Меҳрдан яралган дунё” асарлари нашр этилди. Бу китобларни варақласангиз, бадиий ижодни тақдирининг бир бўлагига айлантирган, ҳаётнинг майда ташвишларидан баланд туриб ўзига маслакдош шеъриятини яратаётган ушбу шоир, ёзувчиларнинг истеъдодига ҳақиқий маънода ошно бўласиз.
Марғилон шаҳридаги Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимида бўлиб ўтган мазкур янги китобларнинг тақдимотида адабиётшунос олимлар, таниқли ижодкорлар ва адабиёт ихлосмандлари иштирок этди.
Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқова мамлакатимизда ижодкорларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар хусусида сўз юритиб, янги чоп этилган китоблар адабиётимизни янада бойитиш, китобхонликни ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Адабиётшунос олимлар ижодкорларнинг янги китобларидаги шеър ва насрий асарларнинг ўзига хос жиҳатлари хусусида фикр-мулоҳазаларини билдириб, уларнинг ижодини алоҳида эътироф этди. Иштирокчиларга китоблар тақдим қилинди.
[gallery-1676]
М. Сулаймонов,
М. Қодиров(сурат)
ЎзА