Фарғонада ёш ўқитувчи ва шифокорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
“Ёшлар куни” муносабати билан Фарғона шаҳрида таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида фаолият юритаётган ёш мутахассислар билан очиқ мулоқотлар ташкил этилди.
Дастлаб шаҳардаги 25-умумтаълим мактабида 30 ёшгача бўлган педагоглар иштирокида учрашув ўтказилди. Унда шаҳар ҳокими В.Назаров, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва мутасадди ташкилотлар вакиллари қатнашди.
[gallery-29913]
Мулоқот давомида таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёш ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий маҳоратини ошириш ва самарали фаолият юритиши учун яратилаётган имкониятлар хусусида фикр алмашилди. Ёш педагоглар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан савол ва таклифларини билдирдилар.
Шундан сўнг шаҳардаги кўп тармоқли поликлиникада ёш шифокор ва ҳамширалар билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, тиббиёт ходимлари учун яратилаётган шарт-шароитлар ва касбий ўсиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Учрашувлар давомида ёш мутахассислар меҳнат фаолиятида учраётган масалалар ҳамда соҳаларни янада такомиллаштиришга доир таклифларини билдирди. Мутасаддилар томонидан мурожаатларга жавоб қайтарилиб, билдирилган таклифлар юзасидан тегишли вазифалар белгилаб олинди.
Тадбирлар якунида фаол ёшларга ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА