Фарғонада ёш давлат хизматчилари "Заковат"да беллашди
Фарғона шаҳридаги Ислом Каримов номидаги вилоят театр-концерт саройида Ёшлар кунига бағишланган давлат органлари ва ташкилотларининг ёш давлат хизматчилари ўртасида "Заковат" интеллектуал ўйини бўлиб ўтди.
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Фарғона филиали ва вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган ўйинда 35 та жамоа билимларини синовдан ўтказди.

Вилоят ҳокими ўринбосари Файзулло Қосимов, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Фарғона филиали раҳбари Саидфарруҳ Исломов "Заковат" ёшларнинг ҳақиқий билим майдонига айланаётганини таъкидлаб, барча жамоаларга омад тилади.

Ёшлар ўртасида интеллектуал ўйинларни ривожлантириш, илм-фанга бўлган қизиқишларини ошириш, интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга қаратилган мазкур ўйин қизғин баҳс ва мунозараларга бой бўлди. Хусусан, давлат органларидаги иқтидорли, профессионал, тезкор ва самарали давлат хизматчиларини шакллантириш ҳамда янгича фикрлайдиган, ташаббускор, эл-юртга садоқатли ёш кадрларни тайёрлаш мақсадида ўтказилган ўйин ёшларнинг катта байрамига айланди. Ҳар бир жамоа ўз иқтидорини, билимини намойиш этди.

Фарғона вилояти божхона бошқармасининг “Ёш божхоначилар” жамоаси биринчи ўринни эгаллаб, ғолибликни қўлга киритди. Жамоаларга эсдалик совғалари топширилди.
М.Сулаймонов, ЎзА