Фарғонада йўл транспорт ҳодисалари нега кўпаймоқда?
Светофорнинг яшил чироғи ёнган бўлсада, эҳтиёткорлик билан ўтиш бугунги кун талаби бўлиб қолди.
Афсуски, йўл транспорт ҳодисалари оқибатида рўй бераётган ўлимлар коронавирус билан касалланиб вафот этаётганлардан кўп. Ҳар куни йўлда ҳайдовчи ёки пиёданинг айби билан мудҳиш воқеалар юз бермоқда. Ижтимоий тармоқларни кузатсангиз хабарларнинг аксарияти содир этилаётган йўл транспорт ҳодисалари ҳақида. Қайсидир оила яқинларидан айрилмоқда, янада кимлардир бир умр мажруҳ бўлиб қолмоқда. Айниқса, ўтган йил май ойида Ёзёвон тумани ҳудудидаги А-373 халқаро аҳамиятдаги йўлда содир этилган ЙТҲда 6 нафар фуқаро – икки оила вакиллари вафот этгани, яна тўрт киши оғир тан жароҳати олгани эшитганларнинг қалбини жунбушга келтирди.
Дарҳақиқат, бугунги кунда автоуловлар кўпайиб, узоғимизни яқин қилмоқда. Албатта, бу яхши. Танганинг иккинчи томони бор. Йўлларда нохуш ҳолатлар кўпайиб бормоқда, бу барчамизни янада сергак бўлишга ундайди. Йўл-транспорт ҳодисаларининг олди олиниши ҳайдовчи ва пиёдаларнинг ҳаракатланиш хавфсизлиги қоидаларга риоя этиши билан боғлиқ, албатта. Шуни унутмаслик керакки, ҳайдовчи нафақат транспорт воситасининг бошқарувчиси, балки ҳаракатланиш хавфсизлиги учун жавобгар шахс ҳамдир. Афсуски, айрим ҳайдовчилар ана шу жавобгарлик ва масъулиятни унутиб қўйиши турли нохушликларга олиб келмоқда. – Автомашинага ўтираётганингизда сиз ҳаётингизни ҳайдовчига топширасиз, – дейди Фарғона шаҳрилик Қобилжон ака Каримов.
– Афсуски, киракашларнинг аксарияти уқувсиз, малакаси кам. Ёки ҳайдовчилик гувоҳномасини сотиб олган. Йўлларда қўпол ҳаракатланишининг ўзи сизни ваҳимага солади. Жарима миқдорини кўпайтиргани билан йўл транспорт ҳодисаларини олдини олиб бўлмайди. Аввало, ҳайдовчиларни тайёрлаш, ўқитиш тизимини қайта кўриб чиқиш керак. Маданиятли ҳайдовчиларни рағбатлантириш зарур.
Пиёдаларнинг йўл қоидаларини писанд этмаслик, бепарволик кўникмаси ҳам бунга сабаб бўлмоқда. 2021 йил 13 декабрь куни Марғилон шаҳар, У.Носир кўчасида «Ласетти» русумли автомобилини бошқариб келаётган ҳайдовчи М.Ш йўлидан тўсатдан чиқиб қолган йўловчи К.М ни уриб юборди. Натижада пиёда «бош мия оғир лат ейиши, қорин бўшлиғининг органлари травмаси, чап елка синиши» ташхиси билан тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилди. Бунга асосий сабаб эса К.М белгилаб қўйилган пиёдалар ўтиш жойидан эмас, аксинча, бошқа жойдан йўлни кесиб ўтган. Оқибатда ўзининг соғлиғига жиддий зарар етган.
Фарғона вилоятида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида кўрилган чораларга қарамасдан бу соҳадаги жиноятларнинг йилдан йилга ортиб бориши кузатилмоқда. 2021 йилда Фарғона вилоятида 1 минг 469 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган бўлиб, шундан 234 та ҳолат ўлим билан якунланган. 1 минг 235 та ҳолатда фуқаролар турли даражада тан жароҳати олган. Одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари Фарғона, Қўқон шаҳри, Ёзёвон, Олтиариқ, Қўштепа, Сўх, Қува, Данғара, Фурқат, Бағдод туманларида ошган.
Қаҳҳор (исми ўзгартирилган) ака ишдан кеч қайтади. Бир соатлик йўлни велосипедда босиб ўтишни ёқтиради. Кетиш учун тайёргарлик кўраётган эди, қўл телефони жиринглаб қолди.
–Алло, ўғлим, бугун ҳаво совуқ, йўловчи машинада келақол.
– Хўп, она ҳаракат қиламан. Лекин ойлик маошини олмагани учун ортиқча харажат қилгиси келмади. Доимгидек эртанги кун режаларини ўйлаганича велосипедда кетарди. Қулоғига кучли тезликда келаётган машина овози эшитилди. Қайрилиб қарашга улгурди, холос.
Қўштепа туманилик 26 ёшли Миродил дадасининг машинасини миниб, уйдан чиқиб кетган эди. Катта тезликда ҳаракатлангани туфайли йўл четидаги велосипедчини уриб юборди. Оқибатда Қаҳҳор ака воқеа жойида оғир тан жароҳат олиб вафот этди. Уни уйда кутиб ўтирган муштипар онаси, турмуш ўртоғи ва икки қора кўз фарзандлари, оила бошидан айрилди. Биргина инсоннинг йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига амал қилмагани оқибатида болалар отасиз, аёл эса бева қолди.
Вилоятда йўл транспорт ҳодисаларининг йилдан йилга ортиб бориши сабаблари таҳлил қилинди. Унинг натижасида бу каби салбий ҳолатларнинг келиб чиқишига нафақат йўл транспорт ҳодисаси иштирокчилари, балки йўлларда мавжуд муаммолар ҳам ўзининг таъсирини кўрсатаётгани маълум бўлди. Хўш, улар нималардан иборат?
3 минг 600 киломтер масофадаги йўлларда йўл чизиқларини чизиш, 256 та чорраҳалар ва 72 та пиёдалар ўтиш жойларига светофор ўрнатиш, 280 та чорраҳаларга қоидабузарликларни қайд этишга мўлжалланган видеокузатув камераларини ўрнатиш, 61 та автомобиль йўлларига стационар тезликни назорат қилувчи қурилмалар ўрнатиш, халқаро ва давлат аҳамиятига эга бўлган 294 киломтер йўлларни йўналишни ажратувчи бетон тўсиқлар билан жиҳозлаш лозим бўлади.
Айни кунларда вилоятда бу борада амалий ишлар бошлаб юборилди. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича «Фарғона тажрибаси» яратилмоқда. Масаланинг яна бир оғриқли томони бор. Ёшлар, хусусан, вояга етмаганлар йўл ҳаракати қоидаларидан яхши хабардор эмас. Ўқув муассасалари билан ички ишлар органларининг йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ўртасида ҳамкорлик яхши йўлга қўйилмаган.
Болаларга йўлларда ҳаракатланиш қоидаларининг умумий асослари ўргатиб борилмаётганлиги бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўлмоқда. Вилоятда йўл транспорт ҳодисалари натижасида ҳалок бўлган фуқаролар салмоғи қасддан содир этилган бошқа оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар оқибатида ҳалок бўлган шахсларга нисбатан кўп бўлганлиги инобатга олиниб, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишда замонавий ва самарадор усулларни қўллаш ва тизимни ислоҳ қилиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.
– Хусусан, тезликни меъёридан ошириш оқибатида содир этилиши мумкин бўлган оғир оқибатли, ўлим билан боғлиқ йўл транспорт ҳодисаларини олдини олиш мақсадида мобил фоторадар комплекслари ўрнатилган 13 та «Нексия-3» русумли автомобиллар, 7 та "AutoCon" русумли фоторадарлар фаолияти йўлга қўйилди, – дейди вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот гуруҳи катта инспектори Элбек Қобилов. – Шунингдек, шаҳар ҳудудларида йўллардаги тирбандликларни олдини олиш учун турли сабабларга кўра тўсиб қўйилган шаҳар кўчалари транспорт ҳаракатига очиб берилди. Серқатнов йўлларга 11 та замонавий пиёдалар ўтиш жойи қурилиб, фойдаланишга топширилди. Аҳоли гавжум жойлар, бозорлар, таълим муассасалари ва жомеъ масжидлари яқинида 6 та ҳудудга замонавий қуёш панелли пиёдалар ва автомобиллар ҳаракатини тартибга солувчи кўчма светофор техник жамланмалари ўрнатилди. Вилоятдаги маҳаллий ҳамда ички хўжалик йўлларидаги таълим муассасалари, йирик савдо мажмуалари ҳамда уларга яқин жойларга 103 та сунъий нотекисликлар ўрнатилди.
Албатта, ҳали бу йўналишда қилинадиган ишлар кўп. Ҳайдовчи ҳам, пиёда ҳам белгиланган қоидаларга амал қилса, бахтсиз ҳодисаларнинг олди олинади. Сиз ҳар куни кўчага чиқаркансиз ўлимга рўбарў келишингизни бир кўзингиз олдидан ўтказинг.
Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА