Фарғонада халқаро ёшлар форуми
2025 йил. 15-16 октябрь. Фарғона шаҳрида тинчлик форуми бўлиб ўтди. Унда дунёнинг кўплаб мамлакатлари вакиллари, халқаро ташкилотлар масъуллари, қўшни давлат вилоятлари раҳбарлари, олимлар, сиёсатчилар иштирок этдилар. Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан муҳим халқаро майдонга айланган ушбу форум ягона дўстлик ва яхши қўшничилик маконини шакллантиришга замин яратди.
Мана энди, бугун, 2026 йил 22 июнь куни Фарғона яна халқаро муносабатлар мақомини олди. Бу гал бу ерда қатор халқаро ташкилотлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ), Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан “Ёш тинчликпарварларнинг чегараолди ҳамкорлик ташаббуси” халқаро ёшлар семинари ташкил этилди.
[gallery-30041]
– Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ёшлари вакилларини бирлаштирган "Ёш тинчликпарварларнинг чегараолди ҳамкорлик ташаббуси" халқаро семинари бугунги ёшлар минтақада ишончни мустаҳкамлаш ва умумий келажакни барпо этишнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлганини кўрсатмоқда, – деди форумнинг очилишида сўзга чиққан Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров.

– Форумнинг энг катта мақсади ёшларни бирлаштириш. У иқтисод, маданият, спорт соҳасида бўладими, таълим, китобхонликда бўладими, бугунги авлод мамлакатлар манфаати йўлида ҳамжиҳат бўлмоғи лозим,– дейди Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев. – Шу ёшларнинг бирлашиши натижасида мамлакатлар иқтисоди ривожланади. Шунинг учун ёшлар орасида “Биз рақобатчи эмас, ҳамкормиз” шиорини олдинга суряпмиз.

Марказий Осиё ёшларининг Фарғонадаги форуми шу нуқтаи назардан ҳам аҳамиятлидир.
Иштирокчиларнинг аксарияти октябрь ойида бўлиб ўтган анжуманда қатнашган. Бугун эса ўшанда қўйилган вазифаларни амалга оширишни давом эттиришмоқда.
– Шундай пайтлар бўлдики, биз чегарадош Ўзбекистон ёки Қирғизистон ёшлари нима билан банд, уларнинг орзу-умидлари қандай, билмас эдик. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан мамлакатлар бир-бирига эшигини очди. Айни чоқда чегарадош мамлакатлар ёшлари ҳам энди яқин дўст, ҳамкорга айланди, – дейди Тожикистон ёшлари делегацияси аъзоси Амир Мирзабоев. – Фарғона ёшлар форумидан умидимиз катта. Биз энди аввал белгиланган режаларни қандай амалга ошираётганимизни сарҳисоб қиламиз.

– Бу ерда қилинган баёнотлар барчаси менга ёқди. Сабаби булар асослидир, – дейди Қирғизистон ёшлар делегациясининг аъзоси Феруза Султонбек қизи. – Биз ёшлар айниқса чегараолдида миллатлар, халқлар, давлатларнинг бирлашувини мустаҳкамлашга ҳисса қўшишимиз керак.
– Тожикистон ёшлари номидан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилик билдирамиз. Улар биз ёшларга ажойиб дўстлик фестивалини ташкил қилиб бердилар, – дейди Тожикистон ёшлар делегациясининг аъзоси Ёдгорён Фарзона. – Мен Ўзбекистон халқини севаман.

Ёшлар форумида сўзга чиққанлар ёш тинчликпарварлар томонидан ишлаб чиқилган ғоялар минтақадаги ёшлар ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирди. Чегараолдини ўтмишдаги келишмовчиликлар ҳудудидан барқарор ривожланиш ва дўстлик маконига айлантирадиган мулоқотни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда давом этиш лозимлигини таъкидладилар.
Форумда Фарғона вилояти ҳокими чегараолди ҳудудида қўшни давлатлар ёшлари учун ўн кунлик мулоқот лагери ташкил этишни, унда ёшлар мунозара клублари, спорт мусобақаси, маҳаллий туризми учун барча шароит яратиб берилишини ваъда қилди. Шунингдек, Фарғона давлат университети қошида Марказий Осиё давлатлари ёшларининг илмий-тадқиқот клубини очишни таклиф этди.
– Марказий Осиёни ёшлик давлати дегим келади. Чунки бу мамлакатларда уларнинг улуши 60-70 фоиздан кўп. Бугун ёшларга қилинаётган инвестиция аслида давлатларнинг фаровон келажаги, порлоқ тараққиётини таъминлаш ва тинчлигини сақлашга қилинаётган инвестициядир, – дейди БМТнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Каха Имнадзе. – Зеро, ҳар қандай муаммо мулоқотда ечим топади. Қолаверса, ёшлар келажакни биздан-да тиниқроқ тасаввур қиладилар.

Форум “Марказий Осиё учун БМТнинг Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази” ва “ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори офиси” ҳамкорлигида ўтказилмоқда. Бу эса мазкур ташаббуснинг халқаро аҳамияти ва нуфузли халқаро институтлар томонидан қўллаб-қувватланаётганини яққол намоён этади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/W0j9qMnkTDs" title="Farg‘onada xalqaro yoshlar forumi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов(видео), ЎзА
Фотосуратлар Муқимжон Қодировники.