Фарғонада тил байрами нишонланди
Фарғона шаҳрида ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва аҳамиятини улуғлаш, миллий қадриятлар ҳамда она тилига бўлган ҳурматни янада юксалтиришга қаратилган байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари Шерзод Полвонов иштирок этиб, йиғилганларни миллий байрам билан табриклади.
Тадбирда сўзга чиққанлар ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши тарихий воқеа бўлганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, Алишер Навоий ижоди асрлар давомида халқимизни эзгуликка, илм-маърифатга ва инсонпарварликка чорлаб келаётгани, унинг асарлари ўзбек тилининг бойлиги, жозибаси ва кенг имкониятларини намоён этувчи бебаҳо маънавий хазина эканини қайд этди.
[gallery-32086]
Фарғонада ўтказилган тил байрами она тилининг қадрини улуғлаш, миллий ўзликни англаш туйғусини мустаҳкамлаш ва буюк аждодлар меросига ҳурматни янада оширишга хизмат қилди.
Байрам доирасида буюк мутафаккир ва шоир, ўзбек адабий тили тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйилди. Улуғ шоир хотирасига эҳтиром кўрсатилиб, унинг бой адабий мероси ва она тили равнақи йўлидаги хизматлари яна бир бор ёдга олинди.
Муҳаммаджон Обидов,
Элёр Олимов (видео), ЎзА