Фарғонада саховат тадбирлари ўтказилди
Халқаро ногиронларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан OʼzLiDeP Фарғона вилояти Кенгаши томонидан «Ҳеч ким меҳр-эътибордан четда эмас!» шиори остида саховат тадбирлари ўтказилди.
Тадбирлар доирасида депутатлар ҳудудлардаги ногиронлиги бор шахслар хонадонида бўлиб, уларга совға-саломлар улашишди. Суҳбатларда уларнинг кўнгиллари кўтарилиб, шукроналик ҳисси билан яшаш лозимлиги таъкидланди.

Хусусан, OʼzLiDePдан сайланган Фарғона шаҳар Кенгаши депутатлари Асроржон Қодиров ва ҲаётжонEркабоевлар томонидан шаҳардаги «Лолазор», «Истиқлол», «Ал-Хоразмий» ҳамда «Бобур» маҳаллаларидаги 29 нафар ногиронлиги бор шахслар ҳолидан хабар олинди. Уларга электр иситиш воситалари, ўқув қуроллари ва озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.

– Улуғ ёшли инсонларни эъзозлаш, уларга эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос азалий қадриятдир. Албатта, ҳар бир ишимизни уларнинг олтиндан-да қиммат дуолари билан бошлаймиз. Ҳамиша улардан маслаҳат ва дуо оламиз.

Бугунги саховат тадбирларимизда ҳам бир гуруҳ ёши улуғларимиз ҳолидан хабар олдик, – дейди депутат Асроржон Қодиров.
Шоҳсултон ТЎХТАМАТОВ,
OʼzLiDeP Фарғона вилояти Кенгаши матбуот котиби