Фарғонада китоб байрами ва халқаро анжуман
Бугун Фарғонада “Халқаро китобхонлик фестивали” бошланади. Эртага эса “Central Asia – 2025: Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари” мавзусида XVIII халқаро конференция ўз ишини бошлайди. Ташкилий қўмита хабар беришича, унда дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатларидан китобсеварлар, таниқли шоир ва ёзувчилар, зиёлилар иштирок этиши кутилмоқда. Тадбирлар доирасида китоб ярмаркалари, ижодкорлар билан учрашувлар, шеърхонлик кечалари, тақдимотлар, викториналар, интеллектуал ўйинлар ва спорт мусобақалари ташкил этилади. Шунингдек, “Китоб ярмаркаси-рассомлар нигоҳида” номли ижодий танлов ҳамда “Болаларга китоблар совғаси” акцияси ўтказилиши кўзда тутилган.
Фестивал ва конференция иштирокчилари учун миллий қадрият ва анъаналарни намоён этувчи “Маърифат-тур” лойиҳаси амалга оширилади. Вилоятимиздаги диққатга сазовор масканларга саёҳатлар уюштирилади. Миллий қадриятлар кўргазмаси фаолият кўрсатади.



– Биз фестивалга катта тайёргарлик кўрдик, – дейди Фарғонадаги “Китоблар олами” МЧЖ раҳбари Назиржон Ҳошимов. – Аввало, Каштанлар алеесидаги улкан майдонда турли тилларда чоп этилган, жумладан, фарғоналик ижодкорларнинг китоблари савдо-кўргазмаси ташкил этилади. Яъни у аҳоли, айниқса, ёшлар учун энг оммавий китоб байрамига айланади.
Муҳаммаджон Обидов,
ЎзА