Фарғонада электр тармоқлари рақамли назорат босқичига ўтмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилоятида электр тармоқларини модернизация қилиш баробарида уларнинг техник ҳолатини рақамли технологиялар асосида мониторинг қилишга қаратилган лойиҳалар ҳам амалга оширилмоқда.
Энергетика тизимида рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш бугунги кунда соҳадаги устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Бу жараёнда электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва истеъмолчиларга етказиб беришнинг барча босқичларини замонавий технологиялар асосида бошқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда Фарғона туманидаги 10 кВли “Шифохона” электр узатиш тармоғига янги авлод СБГЗ-3000 Digital Fault Indicator Monitoring System қурилмаси ўрнатилди. Мазкур технология Ўзбекистонда илк бор амалиётга жорий этилмоқда.
Янги тизим электр узатиш тармоқларида юзага келадиган носозликларни тезкор аниқлаш ва улар содир бўлган жойни аниқ белгилаш имконини беради. Бу эса мутахассисларга тармоқ ҳолатини тезкор баҳолаш ва зарур чораларни кўришда қўшимча қулайлик яратади.
Анъанавий ёндашувда тармоқда авариявий ҳолат юзага келганда, аввало носозлик содир бўлган участкани аниқлаш талаб этилади. Бунинг учун авария-тиклаш бригадалари тармоқнинг турли қисмларини текшириб чиқишига тўғри келади. Рақамли мониторинг тизими эса носозлик қайд этилган участкани тезда аниқлаб, мутахассисларни бевосита зарур манзилга йўналтириш имконини беради.
[gallery-30914]
Натижада авария ҳолатини бартараф этишга кетадиган вақт қисқаради, транспорт ва ёқилғи харажатлари оптималлашади, меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланиш имконияти кенгаяди.
Муҳими, электр таъминотидаги узилишлар давомийлигини қисқартириш орқали аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда ишлаб чиқариш корхоналарини электр энергияси билан барқарор таъминлашга хизмат қилади.
Рақамли мониторингнинг аҳамияти фақат носозликларни аниқлаш билан чекланмайди. Тармоқ ҳолати ҳақида тезкор маълумот олиш, уни таҳлил қилиш ва шу асосда қарор қабул қилиш электр таъминоти тизимининг умумий самарадорлиги ва ишончлилигини оширишга хизмат қилади.
Фарғона туманидаги 10 кВли тармоқда жорий этилган мазкур технология келгусида бошқа электр узатиш тармоқларида ҳам қўллаш учун муҳим амалий тажриба вазифасини ўтайди.
Бундай тизимларни босқичма-босқич кенгайтириш электр тармоқларида носозликларни тезкор аниқлаш, авария оқибатларини бартараф этиш ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш имконини беради.
Фарғонада бошланган ушбу лойиҳа электр тармоқларини “ақлли тармоқ” — Smart Grid тамойиллари асосида ривожлантириш, уларнинг ишончлилигини ошириш ва замонавий рақамли бошқарув тизимларини жорий этиш йўлидаги амалий қадамлардан биридир.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат),ЎзА