Фарғона вилоятининг ташқи савдо айланмаси
Фарғона вилояти статистика бошқармасининг маълумотига кўра, 2025 йил январь-август ойларида вилоятнинг ташқи савдо айланмаси 1 млрд. 587,7 млн АҚШ долларига етди ва 2024 йилнинг январь-август ойларига нисбатан 227,4 млн АҚШ долларига ёки 16,7 фоизга кўпайди.
Агар 2023 ва 2024 йилларда Россия билан ташқи савдо айланмаси мутаносиб равишда 373,5 ва 395,4 млн.долларни ташкил этган бўлса, бу рақам 2025 йилнинг январь-август ойларининг ўзида 497,6 млн.долларга етди. Шундай ўсиш тенденциясини Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон Республикаси билан бўлган савдо айланмаларида ҳам кузатиш мумкин.

2025 йил январь-август ойлари ҳолатига кўра, Фарғона вилояти жаҳоннинг 84 мамлакати билан савдо алоқаларини амалга ошириб келмоқда. Экспорт-импортнинг салмоқли ҳиссаси Россия Федерацияси (31,3 %), Хитой Халқ Республикаси (29,8 %), Қозоғистон Республикаси (10,1 %), Туркия (5,0 %) ва Қирғиз Республикасига (4,9 %) тўғри келмоқда.
Фарғона вилоятининг йирик экспортёр ҳамкор давлатлари орасида ҳам “мусобақа” давом этяпти. Агар аввалги йилларда Хитой анча пешқадам бўлса, 2025 йил январь-август ойларида ташқи савдо айланмасида товарлар ва хизматлар экспорти бўйича Россия Федерацияси (45,8 %) пешқадам. Ундан сўнг Қирғиз Республикаси (8,1 %),Туркия (6,4 %), Афғонистон (6,8 %), БАА (5,1 %), Қозоғистон (5,0 %), Литва (3,7 %), Латвия (3,6 %), Тожикистон (2,2 %) ва Украина (2,0 %) каби давлатларни кўрамиз.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА