Фарғона вилоятида шартномавий режа бажарилди
Фарғона вилоятида 2026 йил ҳосили учун 92,2 минг гектар майдонда бошоқли дон экинлари агротехник талаблар асосида парваришланди. Мўл ҳосил етиштирилиб, ғалла ўрими мавсуми уюшқоқлик билан ташкил этилди. Вилоятда ҳар гектардан ўртача 100 центнердан ҳосил олиш ҳисобига жами 900 минг тоннадан ортиқ ялпи дон маҳсулоти етиштириш режалаштирилган.
Ғаллачиликда ҳудудлар иқлими ва тупроқ шароитига мос навларни танлаш, илм билан ёндашув, уруғларни сифатли тайёрлаш ҳамда замонавий интенсив агротехнологияларни кенг жорий этиш юқори натижаларга эришишда муҳим омил бўлди. Белгиланган шартномавий режа ортиғи билан бажарилиб, Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида катта меҳнат ғалабасига эришилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, хусусан, ғалла мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, дон етиштириш маданиятини юксалтириш ҳамда аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар самарасини Фарғона вилояти мисолида кўриш мумкин. Бугунгача давлатга 307 минг тоннадан зиёд сара дон етказиб берилди. Айниқса, Бувайда, Бешариқ, Бағдод, Учкўприк, Қўштепа туманлари ҳамда Қувасой шаҳри ғаллакорлари белгиланган режани биринчилар қаторида ортиғи билан бажариб, юқори натижаларни қайд этди.

Шунингдек, Бувайда туманидаги “Мунис Рўзали Мумтоз”, “Саминжон ота”, “Ҳафизахон Бонухон”, “Яҳёбек Муҳсинбек”, Бағдод туманидаги “А. Мадаминов”, “Ғани ота”, “Абдумутал Бағдод”, Қўштепа туманидаги “Давр Турсун” ва “Насибахон Ҳабибахон” фермер хўжаликлари ҳар гектардан 100 центнердан ортиқ ғалла ҳосили олди.

Айни кунларда вилоятда ҳосилни йиғиб-териб олиш ишлари изчил давом этмоқда.
Шунингдек, ғалладан бўшаган майдонларда такрорий экин экиш ишлари жадал суръатда олиб бориляпти.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА