Фарғона ва наманганлик гандболчи ёшлар муваффақиятга эришди
“Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси” республика финал босқичи мусобақаларининг гандбол баҳсларининг эркаклар мусобақасида Фарғона давлат университети, гандболчи қизлар мусобақасида эса Наманган давлат университети жамоаси олтин медалларни қўлга киритди.
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Спорт мажмуасида гандбол бўйича йигитлар жамоалари ўртасидаги финал баҳсида Фарғона давлат университети Наманган давлат университети вакилларини 46:42 кўринишида доғда қолдириб, чемпионлик шоҳсупасига кўтарилди.

Гандболчи қизлар ўйинида эса Андижон давлат педагогика университети жамоасини 35:32 ҳисобида мағлуб этган. Наманган давлат университети гандболчилари бу йил илк бор ташкил этилган “Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси” олтин медалларига эга чиқди.
Йигитлар мусобақасида 2-ўринни наманганликлар ҳамда 3-ўрин учун курашда Андижон давлат педагогика университети гандболчиларидан 34:24 ҳисобида устунликка эришган Самарқанд давлат университети жамоаси бронза медаллари билан тақдирланди.

Қизлар мусобақасида эса кумуш медаллар наманганликларга, бронза медаллари эса Ўзбекистон Миллий педагогика университети жамоасини 33:27 кўринишида енгган Навоий давлат университетига насиб этди.
Волейбол бўйича “Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси”нинг қизлар мусобақасида 1-ўрин Бухоро давлат университети, 2-ўрин Урганч давлат университети ва 3-ўрин Чирчиқ давлат педагогика университети волейболчи қизларига тегишли бўлди.
Т.Рўзиев, ЎзА