Фарғонанинг илм-маърифат маскани
Мамлакатимизда ўз ўрни ва нуфузига эга бўлган Фарғона давлат университети 90 ёшга тўлди.
Мамлакатимизда ўз ўрни ва нуфузига эга бўлган Фарғона давлат университети 90 ёшга тўлди. Университет ўзининг деярли бир асрлик фаолияти давомида Фарғона водийсида педагог кадрлар тайёрлаш учун ташкил этилган институтдан халқ хўжалигининг турли соҳалари учун етук мутахассис кадрлар тайёрловчи зиё маскани, нуфузли таълим муассасаси даражасигача бўлган шарафли йўлни босиб ўтди.
Шу кунга қадар бу масканда мамлакат халқ хўжалигининг турли соҳалари ва таълим тизими учун 95 минг нафар малакали кадрлар тайёрланди. Университет битирувчилари ва профессор-ўқитувчилари орасидан етук илмий-педагогик кадрлар билан биргаликда, давлат ва жамият қурилиши, илм, фан, адабиёт, санъат, маданият, спорт ва бошқа соҳаларнинг етук намояндалари етишиб чиққанлиги эътирофга лойиқ. Жумладан, 6 нафар академик, 5 нафар фан арбоби, 6 нафар Беруний номидаги Давлат мукофоти лауреати, 3 нафар Ўзбекистон халқ шоири, 6 нафар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими, 3 нафар Ўзбекистон халқ ҳофизи, 2 нафар Ўзбекистон халқ артисти чиққанлиги фахрланишга арзигулик.
Мамлакатимизда кейинги йилларда олий таълим тизимидаги ўзгариш ва янгиланишлар илму маърифатга бўлган юксак эътиборни кўрсатиб турибди. Хусусан, таълим сифатини ошириш, дунё андозаларига жавоб берадиган рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, моддий-техник базани янада мустаҳкамлаш борасида амалий ишларга киришилди.Ўқитувчиларнинг ҳар томонлама жамиятимизнинг энг нуфузли инсонлари сифатида эътироф этилиши давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Сўнгги уч йилда университетимизда янги 4 та факультет, 13 та кафедра, 23 та таълим йўналишлари, 11 та магистратура мутахассисликлари, 7 та таълим йўналиши бўйича махсус сиртқи, 12 та йўналиш бўйича сиртқи шаклда кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.
Дастлаб Фарғона педагогика институтида иккита бўлим ва 120 нафар талаба бўлган бўлса, бугунги кунда университетда 12 та факультет,м 40 та кафедра фаолият кўрсатиб, бакалавриатнинг 48 та таълим йўналиши ва 26 та магистратура мутахассислигида 13 минг 607 нафар талаба таҳсил олмоқда. Уларга 722 нафар профессор-ўқитувчи, шу жумладан, 30 нафар фан доктори, профессорлар, 161 нафар фан номзоди (PhD), доцентлар, 531 нафар тажрибали ўқитувчи ва ассистентлар таълим-тарбия бермоқда.
Ўтган давр мобайнида университет нафақат таълим-тарбия маскани, балки фаннинг устувор йўналишлари бўйича кенг тармоқли фундаментал ва амалий илмий-тадқиқот, ўқув-услубий ишлар олиб бораётган етакчи олий ўқув юртларидан бирига айланди. 2016-2020 йилларда 49 та, шундан, 7 та фан доктори (DSc) ва 42 та фалсафа доктори (PhD) диссертациялари ҳимоя қилинди. Профессор-ўқитувчилар томонидан 17 та дарслик, 43 та ўқув қўлланма вазирлик, 568 та ўқув адабиёти университет кенгаши тавсияси билан нашр этилди. 31 та муаллифлик гувоҳномаси олинди ҳамда 982,6 миллион сўмлик амалий лойиҳалар, хўжалик шартномаси асосида кўплаб илмий-тадқиқот ишлари бажарилди.
Иқтидорли талабаларни илмий-тадқиқот ишларига янада кенг жалб қилиш мақсадида “Ёшлар инновацион маркази”, “Оқбилол илмий инновацион маркази” ҳамда “Балиқчилик инновацион маркази” ташкил этилди.
Университетда олий ўқув юртидан кейинги таълим институти фаолияти йўлга қўйилиб, 2015 йилда 7 та ихтисосликда илмий-педагогик кадрлар тайёрланган бўлса, бугунги кунга келиб ихтисосликлар сони 26 тага етказилди. 7 та ихтисослик бўйича 4 та илмий даражалар берувчи Ихтисослашган илмий кенгашлар фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу илмий кенгашларда 2017-2020 йилларда жами 61 нафар, шундан 2 нафар фан доктори (DSc) ва 59 нафар фалсафа доктори (PhD) диссертациялари ҳимоя қилинди.
Ҳозирги кунда АҚШ, Германия, Австрия, Швеция, Португалия, Испания, Чехия, Словакия, Япония, Корея, Хитой, Туркия, Россия, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистоннинг етакчи олий таълим муассасалари билан турли йўналишларда 60 дан ортиқ ҳамкорлик шартномалари имзоланди.
Сўнгги 3 йилда университет ўқув жараёнига 200 га яқин етук хорижий мутахассислар жалб қилинди. Фарғона давлат университети олимлари эса АҚШ, Германия, Австрия, Хитой, Туркия ва Россиянинг энг нуфузли университетларида маъруза ўқидилар. Бир қатор ёш олимларимиз Германия ва Хитой университетларида илмий тадқиқотлар олиб бормоқда.
Университет талабалари томонидан спорт турлари бўйича Жаҳон ва Осиё чемпионатлари ва халқаро турнирларда 19 та олтин, 21 та кумуш ва 32та бронза медаллари қўлга киритилди. Шунингдек, республика миқёсида ўтказилган чемпионат, кубок ва турнирларда талабалардан 301 нафари 1-ўрин, 354 нафари 2-ўрин ва 210 нафари 3-ўринни эгаллади.
Давлат инвестиция дастурлари доирасида моддий-техник базани янада мустаҳкамлаш, профессор-ўқитувчи ва талабаларга етарли шароит яратиш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Жумладан, мавжуд 6 та талабалар турар жойи, ахборот-ресурс марказининг ўқув зали, филология, табиий фанлар, физика-математика факультетлари бинолари мукаммал таъмир ва реконструкциядан чиқарилиб, замонавий мебель жиҳозлари ва ахборот-коммуникация воситалари билан таъминланди.400 ўринли 3 қаватли ҳарбий таълим факультетининг янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди. Физика ва кимё фанларидан ўқув ва илмий лабораториялар тўлиқ янгиланиб, замонавий жиҳозлар билан таъминланди.424 ўринли талабалар ошхонаси мукаммал таьмирланди. Замонавий спорт жиҳозлари билан таъминланган спорт-соғломлаштириш мажмуаси фойдаланишга топширилди.
Мухтасар айтганда, ўтган давр мобайнида Фарғона давлат университети юксак салоҳиятли зиё маскани сифатида халқ хўжалигининг турли соҳаларига юқори малакали кадрлар тайёрлайдиган, фаннинг устувор йўналишлари бўйича кенг тармоқли фундаментал ва амалий илмий-тадқиқот ишлари олиб бораётган етакчи ўқув юртларидан бири сифатида мамлакатимиз илм-фани, ватанимиз тараққиёти ва истиқболига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Равшанжон Мақсудов,
Фарғона давлат университети ректори,
профессор.