Фарғоналиклар ҳам Президентимиз табригини онлайн тинглади
Айниқса, коронавирус пандемияси даврида бу янада яққол намоён бўлди.
Аҳмад ал-Фарғоний номидаги истироҳат боғидаги вилоят студиясида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган байрам тадбиридаги давлатимиз раҳбарининг табригини фарғоналиклар ҳам катта қизиқиш билан тинглади.
-Президентимиз табрикда ҳар бир соҳадаги эришилган ютуқларга ҳам тўхталиб, буларнинг барчаси халқимизнинг бахтли яшаши учун қаратилганлигини таъкидлади-дейди Қува туманидаги "Қува анори" агрофирмаси раҳбари Мастурахон Сайфитдинова.-Дарҳақиқат, мамлакатимизда инсон қадри улуғ. Айниқса, коронавирус пандемияси даврида бу янада яққол намоён бўлди.
Камбағал қатлам вакилларининг ижтимоий ҳимоясига катта эътибор қаратилмоқда. Байрам арафасида Президентимиз фармони билан бир гуруҳ юртдошларимиз қаторида мен ҳам давлатимизнинг юксак мукофоти- "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими" унвони билан тақдирландим. Бу жуда катта рағбат бўлди. Илоҳим, юртимизга кўз тегмасин. Халқимизнинг салоҳияти, жонажон Ўзбекистонимиз равнақи, жаҳон миқёсидаги обрў-эътибори бундан-да ошаверсин.
Тадбирда иштирок этган шаҳар ва туманлар ҳокимлари, корхона, ташкилот раҳбарлари, тадбиркорлар, юксак давлат унвони, орден ва медаллари соҳиблари Президентимизнинг табригини эшитиб, қалби ғурур ва ифтихорга тўлди.

