Фарғоналик тадбиркорлар Бурсага боради
Фарғона вилояти ва Туркиянинг Бурса вилояти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Фарғона вилояти ва Туркиянинг Бурса вилояти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Икки ҳудуд келгусида саноат, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, туризм, таълим каби йўналишларда истиқболли лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очилди. Бунда Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдўғоннинг сиёсий иродаси, қатъияти муҳим асос бўлди. Яъни, икки мамлакат раҳбарлари ўртасидаги дўстона алоқалар, мунтазамлик касб этаётган учрашувлар, самимий мулоқотлар ўзаро ҳамкорлик ривожига катта туртки бермоқда. Айни кунларда ҳудудлараро ҳамкорлик йўлга қўйилиб, манфаатли келишувларга, янги инвестицион лойиҳаларни амалга оширишга эришилмоқда. Буни Фарғона ва Бурса вилоятлари ўртасидаги дўстона муносабатларда ҳам кўриш мумкин.

Бугун икки вилоят ҳокимлиги ўртасида ташкил этилган видеоконференцияда ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди.
Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев икки давлат ўртасидаги алоқаларини тобора ривожлантиришда нафақат мамлакатлар ўртасида, балки ҳудудлараро дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини кенг йўлга қўйиш жуда муҳим эканлигини таъкидлади.
Фарғона вилоятида туркиялик тадбиркорлар иштирокидаги 41 та корхона ва ташкилотлар ташкил этилган. Улар тўқимачилик, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва экспорт қилиш, гиламчилик ва саноатнинг бошқа соҳаларида фаолият кўрсатмоқда.
Фарғона вилояти келгусида Бурса вилояти билан бир қатор йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйишни режалаштирмоқда.

Вилоятда бир йилда ўртача 82 минг гектар ер майдонларидан 250 минг тонна пахта хом ашёси етиштирилади. Етиштирилган маҳсулотлар тўлиқ қайта ишлашга йўналтирилиб, ип-калава маҳсулотлари олинади. Мазкур ип-калава маҳсулотларини иккиламчи қайта ишлаш орқали тайёр трикотаж маҳсулотларини олиш учун тўқимачилик-текстил корхоналари ташкил этиш йўналишида қўшма инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш долзарб масала ҳисобланади. Шунингдек, мева-сабзавотларни қайта ишлаш, қурилиш, туризм, маданият соҳаларида ҳамкорлик лойиҳалари бажарилади. Марғилон шаҳрида Бурса Улудағ университетининг филиалини очиш бўйича ҳам амалий саъй-ҳаракатлар бошланган.
Бурса вилояти ҳокими Ёкуб Жанбўлат ўз сўзида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга тайёр эканлигини билдирди ва Шуҳрат Ғаниев бошчилигидаги делегацияни сентябрь ойида Бурсага таклиф қилди.
Онлайн шаклида ташкил этилган тадбирда икки томонлама манфаатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, мулоқотларни мунтазам ўтказишга келишиб олинди.