Фарғонада 15 минг кишига дори-дармонлар тарқатилмоқда
Фарғона вилоятида Қурбон ҳайити байрами арафасида хайрли ташаббусга қўл урилди.
Карантин чекловлари жорий қилинган даврда эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, саховат кўрсатиш каби эзгу ишларнинг кўлами янада кенгаймоқда. Фарғона вилоятида Қурбон ҳайити байрами арафасида хайрли ташаббусга қўл урилди.
Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти қатнашчилари, кўп йиллик хизматлари ҳамда меҳнатлари учун мукофотланган фахрийлар, хизмат вақтида вафот этган ҳарбий хизматчилар оиласи, афғон уруши иштирокчилари, ногиронлиги бўлган фуқаролар, чин етимлар, эҳтиёжманд оилаларга дори-дармонлар жамланмаси бепул тарқатиляпти. Вилоят ҳокимлиги томонидан 15 минг киши учун ҳозирланган мазкур жамланмада бактерия ва вирусларга қарши, иммунитетни кўтарувчи 21 турдаги дори-дармонлар, витаминлар, ҳимоя воситалари бор.
Айни кунларда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, депутатлар шаҳар-туманларда мазкур совғаларни топшириб, уларнинг ҳолидан хабар олмоқда, ижтимоий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашяпти.
Шунингдек, бугун вилоят бўйича 10 мингта эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилади. Қурбон ҳайити байрами арафасидаги бу эзгу ишлар минглаб оилаларга шодумонлик улашиши шубҳасиз.