Фарғона маҳсулотлари хорижда
“Made in Uzbekistan” ёрлиғи туширилган маҳсулотлар бугун дунё бозоридан мустаҳкам жой олмоқда. Фарғона вилоятидаги енгил саноат корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган сифатли маҳсулотлар ҳам хорижлик харидорларга манзур бўлмоқда.
“Made in Uzbekistan” ёрлиғи туширилган маҳсулотлар бугун дунё бозоридан мустаҳкам жой олмоқда. Фарғона вилоятидаги енгил саноат корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган сифатли маҳсулотлар ҳам хорижлик харидорларга манзур бўлмоқда.Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил иқтисодий ислоҳотлар жараёнида хорижий сармояларни жалб этган ҳолда ишлаб чиқаришни кенгайтириш, корхоналар экспорт салоҳиятини юксалтиришга қаратилаётган алоҳида эътибор иқтисодий барқарорликни таъминлаш, аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим омил бўлаётир.
Фарғона вилоятида ҳам хориж капитали иштирокида кўплаб ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилди. 2015 йили вилоятда амалга оширилган дастурлар доирасида 78,6 миллион долларлик инвестициялар жалб қилинди. Унинг 54,5 миллион доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялардир.
Инвестицияларнинг асосий қисми енгил саноат, электротехника, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва кимё саноатига тўғри келади. Айни пайтда вилоятдаги 638 енгил саноат корхонасида 16,5 минг ишчи меҳнат қилмоқда. Тизимдаги 42 қўшма корхона ўз маҳсулотларини 30 дан ортиқ хорижий давлатга экспорт қилаётир.
Қўқон шаҳридаги “Индорама Коканд Текстайл” қўшма корхонаси, Бешариқ туманидаги “Бешариқ тўқимачи” масъулияти чекланган жамияти, Бағдод туманидаги “Фергана спиннинг” қўшма корхонаси каби кўплаб корхоналарда истиқболли лойиҳалар амалга оширилиб, янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Фарғона шаҳрида яқинда иш бошлаган “Fergana oseana textile” Ўзбекистон – Таиланд қўшма корхонаси йилига 3 минг 600 тонна пахта хомашёсидан сифатли ип-калава ишлаб чиқариш қувватига эга. Маҳсулотлар Европа давлатлари, шунингдек, Россия ва Хитойга экспорт қилинмоқда.
Бешариқ туманидаги “Бешариқ текстиль” Ўзбекистон – Буюк Британия қўшма корхонасида тайёрланаётган маҳсулотлар ҳам жаҳон бозорига чиқарилмоқда. Ўтган уч йилда бу ерда кенг кўламли модернизация ишлари амалга оширилиб, замонавий технологиялар ўрнатилди. Ишлаб чиқариш қуввати ва маҳсулот сифати янада ошган корхонада 700 дан зиёд киши иш билан таъминланди. Ишлаб чиқарилаётган трикотаж маҳсулотлари замонавий бичими, юқори сифати билан харидорларга манзур бўлаётир.
– Бир пайтлар пахта толасидан тайёрланган кийимлар халқимиз учун орзу эди, – дейди “Бешариқ текстиль” қўшма корхонаси директори Мухтор Қобулов. – Истиқлол туфайли вазият буткул ўзгарди. Бугун корхонамиз пахта толасидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқармоқда. Ички ва ташқи бозор конъюнктурасини доимий ўрганиб, харидор дидига мос маҳсулот тақдим этишга ҳаракат қилмоқдамиз. Табиий матодан тикилаётган юздан ортиқ турдаги спорт кийимлари ва болалар либослари, умуман, корхонамизмаҳсулотининг 90 фоизи экспортга йўналтирилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида 1 миллиард 850 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. 424 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинди.
Буларнинг барчаси мустақиллик шарофати ва мамлакатимизда хусусий секторни изчил ривожлантириш, аҳоли даромадлари ва фаровонлигини юксалтириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасидир.