Фалакнинг гардиши: АҚШ – ХХР муносабатида кескин бурилиш…
Президент Дональд Трампнинг Пекинга сафари халқаро таҳлилчилар томонидан шунчаки дипломатик ташриф эмас, балки дунё иқтисодиёти, технологияси ва геосиёсати учун курашаётган икки қудратли давлатнинг янгича ҳисоб-китоби сифатида баҳоланмоқда.
АҚШ ҳамон дунёдаги энг бой мамлакат ҳисобланади. Халқаро валюта жамғармаси ҳисоботига кўра, 2026 йил Америка иқтисодиёти 30 триллион доллардан ошиши кутиляпти. Хитой эса 20 триллион доллар билан иккинчи ўринда. Бинобарин, асосий масала бугунги рақамларда эмас, ўсиш суръатида.
Сўнгги йилларда ХХР Қўшма Штатларга нисбатан қарийб икки баробар тез бойимоқда. Пекин глобал ишлаб чиқариш, электр автомобили, қуёш панели ва батарея бозорида устунликни қўлга олган. Ер юзи бўйлаб EV батареяларининг 70 фоиздан ортиғини назорат қилмоқда.
Вашингтон эса технология уруши орқали рақибининг юришини секинлаштиришга уриняпти. Трамп маъмурияти Хитойга юқори технологияли чип экспортини чеклади, сунъий интеллект соҳасидаги босимни кучайтирди ва Тайвань масаласини стратегик қурол сифатида ишлатмоқда. Пекин эса жавоб тариқасида нодир металлар ва таъминот занжири орқали босимни оширмоқда.
Ҳарбий майдонда ҳам рақобат кескин. SIPRI маълумотига кўра, АҚШнинг ҳарбий харажати қарийб 1 триллион долларга яқинлашган. Хитой эса ҳарбий денгиз кучлари, ракета ва кибер қудрат кўламини жадал кенгайтирмоқда.
Экспертлар фикрича, Пекин саммитида йирик келишувлардан кўра муҳимроқ мавзу муҳокама қилинади – дунё тартибини ким белгилаши. Зеро, АҚШ молиявий ва ҳарбий жиҳатдан ҳали етакчи бўлса-да, ХХР глобал иқтисодий тизимда энг хавфли рақобатчига айланиб улгурган.
Мусулмон Зиё, ЎзА