Факт ва рақам: Энг бой давлатлар
Глобал хавфсизлик ва геосиёсий мувозанатни тушунишда рақамлар энг ишончли мезон ҳисобланади, чунки айнан статистика давлатлар ўртасидаги асл куч нисбатини намоён этади. “Факт ва рақам” рукнида халқаро муносабат, ҳарбий салоҳият ва стратегик ресурсларга оид маълумотлар нуфузли манбаларга таянган ҳолда таҳлил қилинади. Бинобарин, шунчаки факт санаб ўтилмайди, балки сонлар орқали дунё тартиби, куч марказлари ва хавфсизлик чизмаси қандай шаклланаётгани очиб берилади. Шу тариқа ўқувчи рақамларёрдамида геосиёсий манзарани ёрқинроқ тасаввур қилади.
Давлатлар бойлигини аниқлашда энг муҳим мезон сифатида аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот қиймати ҳисобланади. Зеро, бу кўрсаткич мамлакат иқтисодиёти ҳажмини эмас, балки ҳар бир фуқаро ҳиссасига тўғри келадиган реал қувватни акс эттиради. Шу боис Халқаро валюта жамғармаси (IMF), Жаҳон банки ва БМТ наздида айни кўрсаткич давлатлар фаровонлигини таққослашда асосий стандартга айланган. Қолаверса, иқтисодий ҳолатни янада аниқ баҳолаш учун харид қобилияти ўрганилиб, турли мамлакатлардаги нарх фарқи инобатга олинади. Мутахассислар таъкидлашича, кучли иқтисодиётга эга юртлар доим ҳам энг бой давлатлар қаторига кирмайди. Яъни, аҳоли сони қанча кўп бўлса, умумий бойлик шунча кенг тақсимланади. Демак, бойлик тушунчаси ҳажм эмас, самарадорлик билан баҳоланмоқда.
2025-2026 йиллар таҳлилига кўра, дунёда энг бой давлатлар рейтингида асосан кичик, ўта ривожланган ва молиявий жиҳатдан барқарор мамлакатлар етакчилик қилмоқда. Аҳоли жон бошига ҳисобланган ЯИМ бўйича тахминан 140-145 минг доллар кўрсаткич билан биринчи ўринни сақлаб келаётган Люксембург нафақат Европа, балки бутун дунёда етакчи. Ирландия (110-120 минг доллар), Швейцария (100 минг доллардан юқори) ва Сингапур (90-100 минг доллар) каби давлатлар ҳам юқори ўринларни эгаллаб, глобал молиявий-иқтисодий марказ сифатида намоён бўлган. Шунингдек, Норвегия, Исландия ва АҚШ ҳам 80-90 минг доллар атрофидаги натижа билан юқори даромадли иқтисодиётлар қаторига киради. Бу рақамлардан кўриниб турибдики, бойлик асосан Европа ва Осиёнинг айрим стратегик ҳудудларида жамланган ва иқтисодий ривожланиш даражаси юқори давлатлар устунлик қилмоқда.
Рейтингнинг юқори қисмида жойлашган аксар давлатлар кичик ҳудуд ва нисбатан кам аҳолига эга. Бу иқтисодий самарадорликни юқори даражада сақлаш имконини беради. Масалан, Люксембург глобал молиявий марказ сифатида банк ва инвестиция хизмати орқали улкан даромад олади. Сингапур эса халқаро савдо ва логистика маркази сифатида тан олинган. Ирландия трансмиллий корпорациялар учун қулай солиқ сиёсати орқали технология гигантларини жалб қилган ва бу иқтисодиёт ривожига сезиларли ижобий таъсир кўрсатган. Шу билан бирга Швейцария молиявий барқарорлик, инновация ва юқори қўшимча қийматли хизмат орқали бойликка эришган. Демак, бойлик кўп ҳолда табиий ресурслардан кўра тўғри иқтисодий сиёсат ва институционал ривожланиш натижаси ҳисобланади.
Табиий ресурсларга бой ўлкалар ҳам рейтингда муқим ўрин олади. Фақат натижа ҳар хил. Қатар сингари давлатлар нефть ва газ ҳисобидан юқори даромад тўплаган, Норвегия ресурс даромадини суверен жамғармалар орқали узоқ муддатли инвестицияга йўналтириб, барқарор иқтисодий модель яратган. Айрим ресурсга бой давлатларда эса иқтисодиёт ҳамон хом ашёга боғлиқ ва бу узоқ муддатли ривожланишга халақит бериши мумкин. Мутахассислар таъкидлашича, бойликни сақлаб қолиш яратишдан кўра қийин. Шу боис ресурс эмас, балки бошқариш сиёсати ҳал қилувчи омил сифатида намоён бўлади.
Ушбу таҳлиллардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, бой давлатлар деганда йирик иқтисодиётлар эмас, балки юқори самарадорликка эга, инновацияга таянган ва глобал иқтисодиётга чуқур интеграциялашган мамлакатлар тушунилади. Яъни, аҳоли сони, иқтисодий сиёсат, институционал сифат ва ташқи инвестиция оқими каби омиллар ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бугунги кунда бойлик тушунчаси фақат ресурс эмас, балки билим, технология ва молиявий инфратузилма билан узвий боғлиқ ҳолга келган. Шу нуқтаи назардан глобал бойлик харитаси доимий равишда ўзгариб бораётган жадал тизим ҳисобланади.
Бойлик моделлари ва иқтисодий устунлик омиллари
Дунёдаги энг бой давлатларнинг муваффақияти тасодифий эмас, балки аниқ иқтисодий модел ва узоқ муддатли стратегия натижасидир. Экспертлар юқори даромадга эга мамлакатларни шартли равишда уч асосий гуруҳга ажратишади: молиявий марказ, ресурсга таянган иқтисодиёт ва инновацион-технологик давлат. Муайян устунлик ва хавф билан фарқланадиган бу моделларни бирлаштирувчи жиҳат – самарали бошқарув ва глобал иқтисодиётга интеграция. Ҳа, бойликни биргина омил билан изоҳлаб бўлмайди, бу комплекс иқтисодий тизим натижаси.
Молиявий марказлар қаторига кирувчи, глобал капитал ҳаракати марказида жойлашган Люксембург, Сингапур ва Швейцария банк, инвестиция ва хизмат кўрсатиш соҳалари орқали юқори даромад олади. Ушбу давлатларда реал саноат улуши нисбатан камтарона бўлса-да, молиявий хизмат орқали яратилган қўшимча қиймат жуда юқори. Масалан, Люксембург иқтисодиётининг асосий қисми халқаро молиявий хизматга тўғри келади. Сингапур эса халқаро савдо ва логистика орқали минтақавий марказга айланган. Бу модел ташқи капиталга ҳам юқори даражада боғлиқлиги учун глобал инқироз даврида хавфга дуч келиши мумкин. Демак, молиявий бойлик юқори даромад берса-да, барқарорлик учун диверсификация талаб этилади.
Ресурсга таянган давлатлар – Қатар, Норвегия ва қисман БАА – табиий бойлик, хусусан нефть ва газ ҳисобидан юқори даромадга эга. Бу юртларда асосий фарқ ресурсни қандай бошқариш жараёнида намоён бўлади, чунки барча ресурсга бой давлатлар бир хил даражада бой эмас. Норвегия нефть даромадини давлат жамғармаси орқали инвестицияга айлантириб, келажак авлод учун барқарор иқтисодий захира яратган. Бу жамғарма 1 триллион доллардан ошган. Юқори даромадга эга бўлса-да, Қатар иқтисодиёти ҳамон энергия экспортига ўта боғлиқ ҳолда қолмоқда. Шу нуқтаи назардан ресурс бойлик манбаи бўлиши мумкин, аммо тўғри бошқарувгина узоқ муддатли устунликни таъминлайди.
Инновацион, технологияга асосланган иқтисодиёт бойлик тўплашнинг энг барқарор усулларидан бири сифатида кўрилади. Ирландия, АҚШ ва қисман Жанубий Корея юқори технология, IT соҳаси ва илмий тадқиқот орқали улкан иқтисодий қиймат яратади. Ирландия мисолида трансмиллий корпорациялар учун қулай солиқ сиёсати ва бизнес муҳити яратилиши натижасида мамлакатга мислсиз сармоя кириб келган ва ЯИМни кескин оширган. АҚШ эса дунёдаги энг йирик инновацион марказ сифатида технология, молия ва стартап экотизими орқали бойликни шакллантирмоқда. Бу моделнинг асосий афзаллиги табиий ресурсларга боғлиқ эмаслиги ва узоқ муддатда барқарор ўсишни таъминлашида.
Энг бой давлатларнинг умумий хусусиятига эътибор қаратилса, институционал сифат, қонун устуворлиги, таълим тизими ва инфратузилма юқори даражада ривожланганини кўриш мумкин. Мутахассислар таъкидлашича, айнан инсон капитали ва бошқарув самарадорлиги иқтисодий ўсишнинг асосий драйверидир. Бу давлатларда коррупция даражаси пастлиги, бизнес муҳити қулайлиги ва инвестиция ҳимоялангани боис ташқи капитал фаол жалб қилинади. Демак, бойлик фақат пул ёки ресурс эмас, балки тизимли ривожланиш натижаси сифатида шаклланади.
Ҳа, турлича моделга эга бой давлатларни бирлаштирувчи асосий омил – самарадорлик ва стратегия. Қайси йўл танланишидан қатъи назар, иқтисодий сиёсат аниқлиги ва узоқ муддатли режалаштириш ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Давлат бойлиги ҳар доим аҳоли фаровонлиги юқорилигини англатмайди. Зеро, иқтисодий кўрсаткич ва ҳаёт сифати ўртасида сезиларли фарқ бўлиши мумкин. Масалан, айрим давлатларда аҳоли жон бошига ЯИМ жуда юқори бўлса-да, даромад тақсимоти тенг эмас. Яъни, аҳолининг салмоқли қисми бу бойликдан тўлиқ фойдалана олмайди. Халқаро таҳлилга кўра, иқтисодий жиҳатдан ривожланган кўп давлатларда бойлар ва кам таъминланганлар орасидаги фарқ ошмоқда. Шу сабабли иқтисодий бойликни баҳолашда нафақат ЯИМ, балки “Gini” коэффициенти, инсон тараққиёти индекси (HDI) каби кўрсаткичлар ҳам муҳим аҳамият касб этади. Демак, ҳақиқий фаровонлик – фақат пул эмас, балки тенг тақсимланган имконият ва ҳаёт сифати билан ўлчанади.
Айрим юқори даромадли давлатларда “статистик бойлик” феномени ҳам кузатилади: расмий рақамлар юқори бўлса-да, кўрсаткич асл иқтисодий ҳолатни тўлиқ акс эттирмаслиги мумкин. Масалан, Ирландияда ЯИМ кўрсаткичи трансмиллий корпорациялар фаолияти ҳисобига кескин ошган, аммо мўмай даромад бевосита аҳолига тегишли эмас. Айрим молиявий марказларда ҳам иқтисодий кўрсаткич юқори бўлса-да, ташқи капиталга кучли қарамлик мавжуд. Бу ҳолат рақамлар ҳар доим давлатнинг ички фаровонлик даражасини тўлиқ ифодаламаслигини кўрсатади. Шу боис иқтисодий таҳлилда “реал бойлик” ва “ҳисобий бойлик” тушунчаларини ажратиш муҳим.
Бундан ташқари энг бой давлатлар орасида ҳам ижтимоий тенгсизлик масаласи долзарб. Масалан, АҚШда умумий бойлик беқиёс, даромад тақсимоти эса турлича ва бу ижтимоий муаммо келтириб чиқарган. Европа давлатларида эса ижтимоий сиёсат кучлилиги сабаб, тенгсизлик нисбатан паст даражада. Мутахассислар барқарор бойлик учун иқтисодий ўсиш билан бирга ижтимоий адолат ҳам таъминланиши кераклигини таъкидлашади. Шу нуқтаи назардан бойликка фақат иқтисодий эмас, балки ижтимоий мезон сифатида ҳам қараш лозим.
Келажак нуқтаи назаридан қараганда, дунёда бойлик харитаси ўзгаришда давом этаверади, чунки янги технология ва глобал тренд етакчиларни ўзгартириб туради. Сунъий интеллект, рақамли иқтисодиёт ва яшил энергетика соҳаларида илғор юртлар келгусида иқтисодий устунликка эга бўлиши кутилмоқда. Айниқса Хитой, Ҳиндистон ва Жанубий Корея тез ўсиш суръати билан глобал иқтисодий тизимдаги ўрнини тобора мустаҳкамламоқда. Инновацияга сармоя киритаётган майда ўлкалар ҳам келажакда бой давлатлар қаторига қўшилиши мумкин. Яъни, бойлик турғун ҳолат эмас, балки доимий равишда ўзгариб борадиган жараён.
Хуллас, бой давлат тушунчаси кўп қиррали бўлиб, фақат рақам эмас, балки ижтимоий, институционал ва технологик омиллар билан ҳам белгиланади. ЯИМ кўрсаткичи давлатнинг иқтисодий қудратини кўрсатса-да, ҳақиқий фаровонлик аҳолининг турмуш сифати, имконият тенглиги ва барқарор ривожланиш даражаси билан ўлчанади. Шу сабабли бойликни баҳолашга комплекс ёндашув талаб этилади ва айнан шундай ёндашув келажакда қайси давлатлар ҳақиқатан етакчига айланишини белгилайди.
Мусулмон Зиё, ЎзА