Фақат фуқаролар солиқ тўлашга мажбурми?
Давлат оптимал солиқ сиёсати иқтисодиётни барқарор ривожланиши билан бирга давлат функцияси ижросини таъминлашнинг асосий молиявий манбаи бўлган бюджет даромадларини шаклланишини ҳам таъминлайди.
Иқтисодиёти ривожланган мамлакатлар тажрибасида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва бизнесга қулай шарт-шароит яратиш механизмларидан бири - оптимал солиқ сиёсати ҳисобланиши ўз исботини топган. Давлат оптимал солиқ сиёсати иқтисодиётни барқарор ривожланиши билан бирга давлат функцияси ижросини таъминлашнинг асосий молиявий манбаи бўлган бюджет даромадларини шаклланишини ҳам таъминлайди.
Солиқ тўловчиларнинг солиқ тўлаш мажбуриятининг муҳим ижтимоий-иқтисодий аҳамияти давлат функционал вазифаларини тўлиқ ва узлуксиз бажарилиши билан боғлиқ харажатларни молиялаштиришни ўз вақтида таъминлашида намоён бўлади. Мамлакат солиқ маъмуриятчилигининг ривожланиш даражаси солиқ тизимини оқилона ташкил этиш ва унинг самарадорлигини аниқлашда муҳим аҳамият касб этади. Шу муносабат билан, давлат учун молиявий ресурсларни бюджетга барқарор равишда етказиб бериш эмас, балки солиқ органлари ва солиқ тўловчиларнинг ўзаро ҳамкорлиги жараёнида бир-бирига бўлган ишонч ва ҳурмат муносабатларини шакллантириш асосида солиқ мажбуриятлари бажарилишини таъминлайдиган солиқ маъмуриятчилиги тизимини яратиш жуда муҳимдир.
Солиқ тизимининг самарали фаолият юритишининг асосий мезони бюджетнинг даромад қисмини шакллантиришдаги солиқ тушумларини ихтиёрий равишда таъминлаш улуши даражасининг ўсиб бориши ҳисобланади. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг асосий йўналишларида солиқ қонунчилигини соддалаштириш, солиқ муносабатлари соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги зиддиятлар ва тўқнашувларни бартараф этиш, ҳалол солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш мамлакатда солиқ тизимини ислоҳ қилишнинг муҳим вазифаларидан бири сифатида белгилаб қўйилган.
Солиқлар жисмоний ва юридик шахслар даромадлари бир қисмини давлат манфаатларига мажбурий тарзда ажратиш билан боғлиқ ҳуқуқий-иқтисодий муносабатлар тизимини ўзида ифодалайди. Давлат ва солиқ тўловчилар ўртасида содир бўладиган солиқ муносабатлари фундаментал ҳуқуқий асоси одатда кўпчилик давлатлар қомусий ҳужжати ҳисобланадиган конституцияда фуқароларнинг мажбуриятлари ёки бурчи сифатида белгилаб қўйилади. Солиқ тўлаш шартлиги ва уни тўлаш фуқаролар учун конституцияда белгиланган меъёр эканлиги тўғрисида олимларнинг кўплаб қарашлари мавжуд бўлсада, лекин ҳамон ушбу масалада илмий мунозаралар учраб туради.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси (51-моддаси)да «фуқаролар зиммасига қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлаш мажбурдирлар», деган конституциявий меъёр сифатида белгилаб қўйилган. Конституциядаги ушбу меъёр асосида солиқ қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилган ва улар жамиятда солиқ билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиб келиш учун хизмат қилиб келмоқда.
Жорий йил 1 январидан амалга киритилган янги таҳрирдаги Солиқ кодекси 19-моддасида «солиқ тўловчилар, солиқ агентлари ва ваколатли органлар солиқ муносабатларининг субъектлари» ҳисобланиши белгилаб қўйилган. Кодекснинг 20-моддасида эса “ушбу кодексга мувофиқ зиммасига белгиланган солиқлар ҳамда йиғимларни тўлаш мажбурияти юклатилган юридик ва жисмоний шахслар солиқ тўловчилар, деб эътироф этилиши назарда тутилади.
Фикримизча, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 51-моддаси ва Солиқ кодексида солиқ тўловчилар тоифасини белгилашда номувофиқлик мавжуд. Чунки конституцияда фақат фуқароларга солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлаш мажбурлиги белгиланган бўлса, солиқ қонунчилиги конституциявий меъёр доирасидан четга чиқиб, юридик ва жисмоний шахсларга солиқ тўлаш мажбуриятини юкламоқда. Юридик шахс ва жисмоний шахс тушунчаларининг таърифи Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 39 ва 16-моддаларида белгилаб қўйилган. Фуқаролик кодекси талабига кўра жисмоний шахс тушунчаси «фуқаро» тушунчасидан бирмунча кенгроқ бўлиб, у бошқа давлат фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни ҳам қамраб олади.
Бутун дунё мамлакатларида ҳам юридик ва жисмоний шахслар зиммасига қонун билан белгиланган солиқлар ҳамда йиғимларни тўлаш мажбуриятини юклаш амалиёти мавжуд.
ДУНЁ МАМЛАКАТЛАРИ КОНСТИТУЦИЯЛАРИДАГИ СОЛИҚ ТЎЛАШ МАЖБУРИЯТИ ТАҲЛИЛИ
Солиқ тўлаш масаласи билан боғлиқ конституциявий меъёрларни таҳлил қилишда дунёнинг кўпчилик давлатлари конституцияларида солиқ тўлаш бурч, айрим давлатларда эса мажбурият сифатида эътироф этилишини кузатиш мумкин.
Россия Федерацияси Конституциясининг 57-моддасида «ҳар ким қонун билан белгиланган солиқлар ва йиғимларни тўлашга мажбур» эканлиги белгиланган. Ушбу конституциявий меъёрга кўра Россияда барча шахслар учун солиқ тўлаш мажбурият ҳисобланади.
Собиқ иттифоқ республикалари ҳисобланган Қозоғистон, Қирғизистон, Украина, Грузия, Арманистон Республикаларида ҳам солиқ тўлаш мажбурият сифатида белгиланган конституциявий меъёр ҳисобланади.
Худди шунингдек, Хитой, Япония, Жанубий Корея давлатларида ҳам солиқларни тўлаш фуқароларнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланган меъёрдир.
Лекин ушбу давлатлардан фарқли равишда Беларусда солиқ тўлаш билан боғлиқ меъёр фуқароларнинг мажбурияти тарзида эмас, балки давлат харажатларини амалга оширишда иштирок этиш механизми сифатида эътироф этилади. Солиқ тўлаш билан боғлиқ меъёр конституцияда “Беларусь Республикаси фуқаролари давлат солиқлари, бож ва бошқа тўловларини тўлаш йўли билан давлат харажатларини молиялаштиришда иштирок этади” мазмунида баён этилган.
Озарбайжон Республикасида солиқлар тўлаш билан бирга, уларни тўлиқ ва белгиланган муддатларда тўлаш ҳам қомусий ҳисобланади. Конституцияга мувофиқ «қонун билан белгиланган солиқлар ва бошқа давлат йиғимларини тўлиқ ва ўз вақтида тўлаш барчанинг бурчи ҳисобланади». Ушбу меъёр Беларусь, Қирғизистон, Хитой, Жанубий Корея, Ўзбекистондан фарқли равишда фақат фуқаролар учун мажбурият ёки бурч эмас балки барча учун тааллуқли меъёр ҳисобланади.
Тадқиқотлар давомида ўтказилган таҳлилларимиз солиқ мажбурият ёки бурч сифатида конституцияда белгилаб қўйиш амалиёти барча давлатларга хос эмаслигини кўрсатди. Масалан, қайд этилган давлатлардан фарқли равишда Австрия, Буюк Британия, Ҳиндистон, АҚШлари каби давлатларда солиқлар тўлаш билан боғлиқ ҳуқуқий меъёр конституцияда ўз аксини топмаган.
Польшада солиқ тўлаш билан боғлиқ конституциявий меъёрнинг баён этилиши юқорида қайд этилган давлатлардагидан мазмун жиҳатдан фарқ қилишини кўриш мумкин. Польша Конституцияси 84-моддасида "Ҳар ким оммавий ҳокимият ўрнатган чеклов ва талабларни бажаришга, шу жумладан, қонунда белгиланган солиқларни тўлашга мажбур” эканлиги белгилаб қўйилган. Демак, Польшада ҳар ким солиқ тўлашдан ташқари оммавий ҳокимият томонидан ўрнатилиши мумкин бўлган чеклов ва талабларни ҳам бажаришга мажбур ҳисобланади. Ушбу тарздаги қўшимча талаб соҳибқирон Амур Темур ҳукмронлик даврида ҳарбийларга зарур ҳолларда уй-жой, от-улов ва уларга озуқа ажратиш аҳолига мажбурият тарзи юклатилган.
МУАММО...
Солиқ мажбурияти конституция ва қонунларда белгиланган бўлса-да¸ уни пайдо бўлиши маълум бир ҳолатларни юзага келишини ҳам талаб қилади. Масалан, солиқ мажбурияти учун солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган солиқ турлари, ставкалар, солиқ тўловчилар ва солиқ объекти каби элементлар мажмуаси ҳамда солиқ маъмуриятчилигидан иборат солиқ муносабатлари тизими мавжуд бўлиши зарур.
Таҳлиллардан кўринади, кўпчилик давлатларда (Хитой, Беларусь, Қирғизистон, Жанубий Корея, Ўзбекистон) солиқ тўлаш фақат фуқаролар зиммасига юклатилган конституциявий мажбурият ёки бурч сифатида эътироф этилган, холос. Аммо барча таҳлил қилинган барча давлатларда юридик шахслар, норезидентлар, фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам солиқ тўловчилар ҳисобланади.
Айрим давлатлар солиқ тўловчиларни белгилашда фуқаро иборасидан чекланиб, «ҳар ким», «барча» каби тушунчаларни қўлланилган. Масалан, Қозоғистон, Грузия, Озарбайжон Республикалари солиқ тўлашни мажбурият сифатида барчага юклайди. Россия, Украина, Арманистон, Польшада «ҳар ким»нинг зиммасига солиқ тўлаш мажбурияти юклатилган. Конституциядаги «ҳар ким», «барча» каби тушунчалар кенг қамровли бўлиб, фуқаролиги бўлмаган шахслар, норезидентлар ва юридик шахслар ҳам ушбу тоифага тааллуқли бўлади. Шу боис ушбу давлатлар солиқ қонунчилиги ва конституцияларида солиқ тўловчилар тоифаларини аниқлашда номувофиқлик кузатилмайди.
Лекин солиқ тўлаш конституцияда фақат фуқаролар зиммасига юклатилган мамлакатлар конституциялари ва солиқ қонунчиликларида белгиланган солиқ тўловчилар тоифаларида номувофиқлик мавжудлигини кўриш мумкин.
ТАКЛИФ...
Ўзбекистон Республикаси ва дунёнинг айрим мамлакатлари конституцияларида солиқ тўлаш бўйича белгиланган ҳуқуқий меъёрларни таҳлил қилиш натижалари асосида қомусий қонунчиликни такомиллаштириш зарурлигини кўриш мумкин. Юқорида қайд этилганларга асосан солиқ тўлаш тўғрисидаги қонун меъёрларидаги номутаносибликларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 51-моддаси амалдаги таҳририни:
“Барча шахслар зиммаларига қонун билан юклатилган солиқлар, мажбурий тўловлар ва йиғимларни тўлашга мажбурдирлар” мазмунидаги таҳрир билан ўзгартириш таклиф этилади.
Мазкур таклифни амалиётга жорий этиш конституция ва солиқ қонунчилигидаги солиқ тўловчилар тоифасини белгилашда мавжуд номувофиқликни бартараф этиш учун хизмат қилади.
Баҳодир Исроилов, Юристлар малакасини ошириш маркази кафедра мудири, и.ф.д., профессор.
Бобуршоҳ Ибрагимов, мустақил изланувчи