Эъзоз ва эҳтиромдан кўнгиллар шод
Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда турли соҳаларда самарали меҳнат қилаётган, нафақат фаолияти, балки ҳаёт тарзи билан бошқаларга ибрат, намуна бўлаётган бир гуруҳ хотин-қизлар, сектор раҳбарлари иштирок этди.
Таъкидландики, бугунги кунда Президентимиз бошчилигида хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, манфаатларини ҳимоя қилиш, орзу-истакларини рўёбга чиқариш, жамиятимизнинг тенг ҳуқуқли, фаол аъзоси сифатида ўзини намоён этишлари учун шарт-шароитлар яратилмоқда.

Давлат ва жамоат ишларида фаол иштирок этаётган опа-сингиллар, мунис онахонлар, тадбиркор хотин-қизларнинг самарали меҳнати қадрланиб, уларнинг ташаббускорлиги ва оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш, келажагимиз эгаларини она Ватанга муҳаббат, юртга садоқат миллий қадриятларимизга чексиз ҳурмат руҳида тарбиялашдаги хизматлари ҳам алоҳида эътироф этилди.

Мамлакатимиз хотин-қизлари қаторида сирдарёлик 6 нафар хотин-қиз Президентимиз фармони билан “Меҳнат шуҳрати”, II даражали “Соғлом авлод учун” орденлари, “Содиқ хизматлари учун”, “Шуҳрат” медаллари билан тақдирланди. Қолаверса, “Мўътабар аёл” кўкрак нишонига бу йил вилоятдан 13 нафар хотин-қиз муносиб кўрилди.

Байрам тўкин дастурхон атрофида давом этди. Она, тинчлик, баҳор, меҳр-муҳаббат ва садоқатни улуғловчи куй-қўшиқлар ижро этилди.
Тадбирда вилоят ҳокими, сенатор Ғофуржон Мирзаев иштирок этди.
Ш.Суяров, Ф.Тошматов(сурат), ЎзА