Эзгу мақсадларимиз муштараклиги
Ўзбекистон ва Қирғизистон халқларининг асли илдизи бир, десак муболаға бўлмайди. Бу икки халқ вакиллари азалдан ён қўшни бўлиб, бир дарёдан сув ичиб, қуда-анда, дўст-биродар бўлиб яшаган.

Кўз тегмасин, бугунги кунда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида ўзаро дўстона алоқалар барча соҳаларда тикланди. Икки давлат ўртасидаги чегара ўтиш постлари очилиб, икки халқнинг бир-бирига борди-келдилари йўлга қўйилди. Бундан, албатта, икки халқ вакиллари мамнундирлар.
Ўзбекистонда қарийб 300 мингга яқин қирғизлар истиқомат қилади. Улар асосан Фарғона водийси, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида яшайди.
Бугунги кунга келиб Ўзбекистон қирғиз миллий маданий маркази Андижон, Фарғона, Наманган, Жиззах, Сирдарё вилоятларидаги бешта бўлинмасининг фаолиятини мувофиқлаштиради. Бу марказларда қирғиз маданияти, анъаналари, урф-одатлари ва тилини ривожлантириш мақсадида халқ оғзаки ижодиёти, миллий ва жаҳон маданиятининг гавҳари бўлмиш “Манас” достонига катта эътибор қаратилади. Марказ мунтазам равишда маданий тадбирлар, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг таниқли фан ва санъат арбоблари билан учрашувлар, китоблар тақдимотини ўтказиб келади.
Марказимиз ташаббуси ва фаол иштироки билан мамлакатимизда ҳар йили қирғиз тили ўқитувчиларининг қирғиз тили фани бўйича танловлари ўтказиб келинади. Шунингдек, “Ўзбек-қирғиз” дўстлик кечалари, оқинлар айтишувлари ташкил этилади.
Оммавий халқ сайиллари ва байрамларини ўтказишда миллий маданий марказлар қошида ташкил этилган фольклор ансамблларининг ўрни муҳим. Андижондаги “Дўстлик”, Сирдарёдаги “Жан-Жаной”, Намангандаги “Сулув қиз”, Жиззахдаги “Маржон” ансамбллари ижросидаги қўшиқ ва рақслар кўпмиллатли халқимизнинг эътиборини қозонди. Бу ансамбллар “Ўзбекистон – умумий уйимиз”, “Қудратимиз – бирлик ва ҳамжиҳатликда”, “Ватан ягонадир, Ватан биттадир”, “Шу азиз Ватан – барчамизники” шиори остидаги барча фестивалларда совринли ўринларни эгаллаб келмоқда.

Президентимиз ташаббуслари билан “Обод қишлоқ” дастури доирасида 2018 йил республикада биринчи бўлиб Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги 80 фоиз қирғиз миллатига мансуб аҳоли истиқомат қиладиган Манас қишлоғи атиги 45 кун ичида қайта таъмирланиб, барча инфраструктурага эга бўлган гўзал масканга айлантирилди. Манас қишлоғи аҳолисининг ҳордиқ чиқариши учун Маданият саройи қад кўтариб, унинг қошида Ўзбекистон маданият вазири таклифи асосида илк маротаба 25 ёш ўғил-қизлардан иборат қирғиз миллий “Маржон" халқ ҳаваскорлик ансамбли ташкил этилди.
Миллий маданий марказларимиз юртимизда ўтказиладиган барча давлат тадбирларида жамиятимизнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида доимий равишда қатнашиб келмоқда. Бу давлатимиз раҳбарининг турли миллат вакилларига кўрсатган эътиборининг ёрқин мисолидир.
Вилоят, туман ва шаҳарларда ўтказиладиган ҳар бир байрам тадбирларида марказларимиз фаоллари иштирокида миллий қирғиз ўтовлари тикилиб, куй-қўшиқлари билан халқимизга байрамона кайфият бахш этиб келади. Миллий ҳалқ ўйинларимиздан “Оқ-сўйилмак”, “Арқон тортди”, “Кураш”, “Кўкбари” ва бошқалар қирғиз халқининг анъана ва қадриятларини сақлашда алоҳида ўрин тутади.
Қирғиз маданий маркази 1992 йилда Жиззах вилоятида вилоятлараро қирғиз маданий маркази мақомида тузилган. 1995 йилда Тошкент шаҳрида ташкил этилган Ўзбекистон қирғиз маданий маркази 2019 йилга келиб Ўзбекистон қирғиз миллий маданий маркази, деб қайта номланган. Марказнинг асосий мақсади юртимизда яшаётган қирғиз миллати вакилларининг тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ва ривожлантириш, Ўзбекистон фуқароси сифатида, мамлакат қонунларига қатъий риоя этишдан иборат. Юртимизда фаолият кўрсатаётган бошқа миллат вакиллари билан ҳамжиҳатликда яшаб, тинчлик-осойишталик ва барқарорликни таъминлашда ўз ҳиссасини қўшиш ҳам бизнинг асосий мақсадларимиздан биридир.
Олдимизга қўйган режаларимиз катта. Жумладан, Жиззах вилояти Бахмал тумани мактабларида “Ўзбекистон – умумий уйимиз” шиори остида турли миллат вакиллари, фахрийлар ва ёшлари иштирокида дўстлик фестивалини ўтказишни кўзлаяпмиз. Шунингдек, Дўстлик тумани Манас қишлоғида Мирзачўлда хизмат кўрсатган фахрийларнинг хотира
кечаларини ўтказиш ва кам таъминланган оилаларга, уруш қатнашчиларига мурувват ёрдамларини кўрсатишни режалаштирганмиз. “Маржон" халқ ҳаваскорлик ансамблининг 2021-2022 йилларда қўшни Қирғизистон Республикасига гастроль сафарини уюштириш ҳам кўзда тутилган.
Дўстлик алоқаларнинг тобора мустаҳкамланаётгани барча жабҳаларда намоён бўлмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 апрелдаги “Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент вилояти Паркент туманида адибнинг хотирасига бағишлаб катта ижодий кеча ўтказилди. Тошкентнинг марказида Чингиз Айтматовга мемориал ёдгорлик ўрнатилди. Буларнинг ҳаммаси қардош халқ вакилига кўрсатилган эҳтиром намунасидир.
Чингиз Айтматов ўзининг чиқишларидан бирида “Мен Қирғизистонимга борсам меҳнат қиламан, Москвага борсам ҳурмат қозонаман, Ўзбекистонга келсам яйраб-яшнайман”, деган. Чунки унинг Ўзбекистонда қадрдон дўстлари ва яқинлари кўп бўлган.
Бугунги кунда Ўзбекистонда таълим етти тилда олиб борилади. 56 та мактаб қирғиз тилида фаолият олиб бормоқда. Мактаб ўқувчилари учун дарсликлар тўлиқ чоп этилмоқда. Мамлакат олий ўқув юртларида ҳам қирғиз тили ва адабиёти йўналиши мавжуд.

Миллий маданий марказларнинг фаолиятини ёритиб бориш мақсадида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон” каналида ҳар ҳафтада “Ягона оилада” кўрсатуви эфирга чиқмоқда. Радиоэфир орқали “Эламон” ва “Минқиёл” номли эшиттиришлар узатилиб борилмоқда. Республикада истиқомат қилаётган қирғиз миллатига мансуб фуқаролар юртимизнинг гуллаб-яшнаши, икки давлат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларнинг ривожланишига ўзларининг катта ҳиссаларини қўшиб келмоқда. Уларнинг камтарин меҳнатлари юксак баҳоланиб, давлат мукофотларига сазовор бўлмоқда. 2019 йил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатлигига бўлиб ўтган сайловда Сирдарё вилояти қирғиз миллий маданий маркази раиси Нодира Жонибекова илк депутат бўлиб сайланди.
Қўшнинг тинч, сен тинч, дейди донишмандларимиз.Оллоҳга шукр, Президентимиз Шавкат Мирзиёев саъй-ҳаракатлари туфайли 2017 йилдан буён яқин қўшни давлатлар билан ўзаро алоқалар йўлга қўйилди. Бу эса, ўз навбатида, минтақадаги халқлар ва давлатлар ўртасида дўстлик ришталарининг мустаҳкамланиши ва шу давлатларнинг тараққий этишида муҳим омил бўлмоқда.
Раҳматилла Жабборов,
Ўзбекистон қирғиз маданий
маркази раиси