“Европа Иттифоқининг Фуқаролик жамияти ҳафталиги-2025”да Ўзбекистондаги демократик ислоҳотлар намойиш этилди
Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг ривожланиши, демократик институтларни мустаҳкамлаш ва аҳолининг сиёсий жараёнлардаги иштирокини ошириш борасида эришилаётган ютуқлар кўлами кенгаймоқда.
Брюссел шаҳрида бўлиб ўтаётган “Европа Иттифоқининг Фуқаролик жамияти ҳафталиги-2025” халқаро тадбирида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков Европа етакчилари билан учрашиб, Ўзбекистондаги демократик ўзгаришлар ва фуқаролик жамияти иштирокини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар ҳақида фикр алмашди.

Жумладан, тадбирлар давомида Европа Иқтисодий ва Ижтимоий Қўмитаси вице-президенти Аурел Лауренцию Плошану, Европа Парламенти вице-президенти Николае Штефэнуцэ, Европа Омбудсмени Тереза Анжину ва “Democracy International” ташкилотидан Даниэла Ванчик билан учрашувлар бўлиб ўтди, дейилади “Тараққиёт стратегияси” маркази маълумотида.

Дарҳақиқат, сўнгги саккиз йил давомида Ўзбекистонда жамоатчилик фаоллигини ошириш, фуқароларнинг қарорлар қабул қилиш жараёнидаги иштироки ва таъсирини ошириш бўйича изчил ислоҳотлар олиб борилди. Бу ўзгаришлар “Халқ билан мулоқот” ва “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойиллар асосида амалга оширилмоқда.
Мазкур тамойилларнинг институционаллашуви давлат амалдорлари ва фуқаролар ўртасида тўғридан-тўғри ва тизимли мулоқот механизмини шакллантиришга, аҳоли муаммоларини самарали ҳал қилишга ҳамда қарорлар қабул қилиш жараёнларида фуқаролар фикрини инобатга олинишига замин яратди.

Эслатиб ўтамиз, “Европа Иттифоқининг Фуқаролик жамияти ҳафталиги-2025”да қатнашаётган мамлакатимиз делегацияси таркибида ЎзННТМА Кенгаши раиси Камолиддин Ишонхўжаев, “Сабр” Республика ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш маркази директори Мавлуда Ширинова ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи Фаррух Ҳакимов иштирок этяпти.
Учрашувларда мамлакатимизда ошкораликни таъминлаш механизмлари мустаҳкамланиб, фуқаролар иштирокини кенгайтириш бўйича ташаббуслар жорий этилганлиги ҳамда давлат ва жамият ўртасидаги мулоқот кучайтирилганлиги қайд этилди.
Элдор Туляков Ўзбекистон ҳамиша демократик бошқарув моделини янада ривожлантириш, энг яхши хорижий тажрибаларни жорий этиш, шунингдек, миллий ва халқаро даражада фуқаролик жамияти институтлари билан самарали мулоқот ўрнатишга интилишини алоҳида таъкидлади.
А.РУСТАМОВ, ЎзА