Европа Иттифоқи Олий вакили билан учрашув
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Владимир Норов Самарқанд шаҳрида Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Европа комиссияси вице-президенти Жозеп Боррель билан учрашув ўтказди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон-Европа ҳамкорлигининг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Мавжуд алоқани янада жадаллаштириш ва амалий мазмун билан бойитиш муҳимлиги эътироф этилди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги муносабат сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиб, кўп қиррали хусусият касб этаётгани таъкидланди. Европа кенгаши Президенти Шарль Мишельнинг мамлакатимизга расмий ташрифи ҳамда Президент Шавкат Мирзиёевнинг "Европа Иттифоқи - Марказий Осиё" саммитидаги иштироки конструктив ва ўзаро манфаатли мулоқотнинг янги ўсиш нуқталарини белгилаб олишга имкон берди.
Томонларнинг сиёсат, савдо ва инвестиция, молиявий ва техник ёрдам, юқори технологиялар, фан ва таълим, экология, туризм, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда шерикликни мустаҳкамлаш бўйича биргаликда саъй-ҳаракат олиб боришга тайёрлиги тасдиқланди.
Ж. Бoррeл таъкидлашича, ЕИ республикада олиб борилаётган ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлайди ва Янги Ўзбекистоннинг ривожланиш стратегиясини изчил амалга оширишда ёрдам беради. Шу билан бирга, мамлакатимизнинг замонавий ташқи сиёсатига юксак баҳо берилди. Мазкур сиёсат натижаси ўлароқ, сўнгги йилларда Марказий Осиёда ўзаро англашув ва ишончга асосланган янги сиёсий муҳит яратилгани эътироф этилди.
Ўзаро муносабат тарихида янги саҳифа очадиган Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим дастлабки босқичда имзолангани олқишланди. Ушбу ҳужжатни имзолаш учун ички тартиб-таомилни тезда якунлаш зарурлиги таъкидланди.
Режалаштирилган тадбирлар жадвали, жумладан, Ўзбекистон-Европа Иттифоқи Ҳамкорлик кенгаши ва "Европа Иттифоқи - Марказий Осиё" Туризм анжумани юзасидан фикр алмашилди.
“Яшил” кун тартибини биргаликда илгари суриш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, табиий бойликлардан эҳтиёткорлик билан фойдаланиш орқали экология соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболига алоҳида эътибор қаратилди.
Афғонистондаги ҳозирги вазият кўриб чиқилди. Олий вакил ушбу мамлакатда гуманитар инқирознинг олдини олиш учун Афғонистон яккаланишига йўл қўймаслик, лозимлиги тўғрисида Ўзбекистон томонининг фикрини қўллаб-қувватлади.
"Европа Иттифоқи – Марказий Осиё" Вазирлар учрашуви ҳамда “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” ўзаро боғлиқлик: “Барқарор ривожланиш учун глобал дарвозалар” мавзусидаги халқаро конференция минтақалараро муштаракликни янада ривожлантиришга ёрдам беришига ишонч билдирилди.
Ғ.Хонназаров,
ЎзА