Европа Иттифоқи Исроилнинг Ливанга уюштирган зарбаларидан хавотирда (+видео)
Европа Иттифоқи Исроилнинг Ливанга берган ҳаво зарбаларини қатъий қоралаб, бундай ҳарбий кескинлашув АҚШ ва Эрон ўртасида тузилган тинчлик келишувини йўққа чиқариши мумкинлигидан огоҳлантирди, деб хабар берди Euronews.
Покистон воситачилигида тайёрланган келишув Ливанга ҳам тадбиқ этилиши керак эди. Бироқ Исроил буни рад этиб, кенг кўламли зарбаларни амалга оширди. Ливан расмийларига кўра 250 дан ортиқ одам ҳалок бўлган.
Бу галги қирғин Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасидаги кўп йиллик можаролардаги бир кунда юз берган энг катта йўқотиш ҳисобланади.
ЕИ ташқи ишлар вакили Кая Каллас Исроилнинг ҳаракатларини танқид қилиб, мамлакатни ўз-ўзини ҳимоя қилиш доирасидан чиқиб кетганликда айблади.
Ливан ҳукумати ҳужумлардан сўнг миллий мотам эълон қилди. Исроил бир неча дақиқада Ливанга қарши юздан ортиқ авиаҳужум амалга оширилгани хабар қилинди. Ҳужумлар жанубий Ливан ва пойтахт Бейрут атрофларига катта зарар етказди.
Исроил армияси эса зарбалар “Ҳизбуллоҳ” томонидан фойдаланилаётган ҳарбий объектларга қаратилганини билдирди.
Ливан раҳбарлари бу ҳаракатларни халқаро ҳуқуқнинг қўпол бузилиши сифатида баҳолади. Франция президенти Эммануэль Макрон ҳам Исроил ҳужумларини қаттиқ қоралади ва улар яқинда тузилган ўт очишни тўхтатиш келишувини хавф остига қўяётганини айтди.
Италия ташқи ишлар вазири эса вазиятни “иккинчи Ғазо” деб атади ва Исроил элчисини чақиртирди. Бельгия ва Германия расмийлари ҳам зарбаларни кескин танқид қилди. Испания бош вазири Педро Санчес Исроил ҳукуматининг ҳаракатларини халқаро ҳуқуққа зид деб атади ва ЕИни Исроил билан ҳамкорлик келишувини тўхтатишга чақирди.
Шу билан бирга, АҚШ маъмурияти келишув шартлари бўйича турли талқинлар мавжудлигини ва музокаралар ҳали давом этаётганини билдирди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/mPDdJlgT304" title="Yevropa Ittifoqi Isroilning Livanga uyushtirgan zarbalaridan xavotirda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe> Кенжа Бекжонов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА