Европа бозорлари ҳам забт этилади
Бундан ўн йиллар аввал фаолиятини бошлаган корхонамиз томонидан бугунги кунда курашчи, боксчилар учун махсус кийимлар, кимоно, бокс қўлқоплари, шлемлар, спорт тўшаклари, теннис сеткалари сингари 30 га яқин турдаги сифатли спорт жиҳозлари ва кийимлар тайёрланмоқда.
Ўтган йиллар давомида фаолиятимизни Чинобод шаҳарчасидаги Омонариқ маҳалласида, ўз хонадонимиздаги кичик цехда олиб бордик, маҳалламиздаги кўплаб чевар аёлларни касаначилик асосида ишга жалб этдик. Дастлаб бокс қоплари, шлеми, қўлқоп сингари бир неча турдаги маҳсулот тайёрлаган бўлсак, кейинчалик янги-янги маҳсулотлар тайёрлашни йўлга қўйдик. Ишловчилар сони ҳам ортиб борди. Энг асосийси, маҳсулотларимиз нафақат ички бозорда, балки қўшни Қирғизистон, Қозоғистон давлатларида ҳам сотилмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан юртимизда тадбиркорликни ривожлантиришга кенг имкониятлар яратилиб, уларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, ҳар бир тадбиркорга куч ва шижоат берди. Жумладан, мен ҳам фаолиятимни кенгайтириш, иш ўринларини кўпайтириш мақсадида янги бино қуриш учун ер ажратилишини сўраб туман, вилоят ҳокимликларига мурожаат қилдим. Мурожаатим ижобий ҳал этилди. Янги бино қуриш учун Чинобод шаҳарчасидаги Омонариқ маҳалласидан фойдаланилмай турган жой ажратиб берилди. Икки қаватли ишлаб чиқариш биноси қурилди, хориждан янги тикув дастгоҳлари, технологиялар олиб келинди. Бунинг учун қарийб 4 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди.
[gallery-8602]
Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрами арафасида корхонамизнинг янги биноси ишга тушди. Доимий ишловчи кишилар сони 200 нафарга етди. Ишчиларнинг самарали ишлашлари учун зарур барча шароитлар яратилган. Интилиш, изланиш бор жойда шубҳасиз, юксалиш бўлади. Корхонамиз фаолиятининг дастлабки даврлариданоқ ана шу ғояга амал қилиб, изланиб, қатъий тартиб асосида иш олиб борилди, тайёрланаётган маҳсулотлар сифатига алоҳида эътибор қаратилди. Натижада корхона маҳсулотларига талаб ва эҳтиёж ортди, харидоргир маҳсулотлар қаторидан жой олди. Меҳнатга яраша даромад ҳам ортиб борди.
Мақсадларим улкан. Ҳозирда маҳсулотларимизни Россия, Польша ва бошқа Европа давлатларида сотишни йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Насиб этса янги йилдан маҳсулотларимизни Европа бозорига экспорт қиламиз. Кейинги йилларда жисмоний тарбия ва спорт ривожига катта эътибор қаратилмоқда. Натижада спорт жиҳозлари ва кийимларига бўлган талаб ҳам ортмоқда. Ана шундан келиб чиқиб, ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш ҳам асосий мақсадларимиздан биридир. Ҳозирда корхонада меҳнат қилаётганларнинг аксариятини хотин-қизлар ташкил этади.
Лазизбек Бакиров,
Андижон вилоятидаги
“LBSPORT» МЧЖ раҳбари
ЎзА