Европа АҚШ Республикачилари мағлубиятидан хавотирда
АҚШдаги оралиқ сайловда демократлар Конгресснинг ҳар икки палатасида кўпчилик ўринни эгаллади. Бу Трампнинг сиёсий мавқеини заифлаштирди. Табиийки, демократлар Конгрессда кўпчилик ўрин қўлга киритиши рақобатчи партиянинг ички сиёсатдаги имкониятини чеклайди. Бинобарин, Европа сиёсатчилари Президент бу вазиятда ташқи сиёсат бўйича янада кескин ва кутилмаган қарорлар қабул қилишидан хавотирга тушяпти. Бу ҳақда “Euronews” хабарида таъкидланган.
Кўҳна қитъа учун асосий ташвиш Эрон уруши, Украинадаги вазият, НАТО доирасидаги мажбурият ва АҚШ билан савдо муносабатига боғлиқ.
Ҳурмузда кема ҳаракати чекланиши ортидан энергия нархи кўтарилди. Европа давлатлари Вашингтон – Теҳрон кескинлиги юмшаши, бўғоз орқали қатнов тикланишидан манфаатдор. Демократлар назоратидаги Конгресс Трампга ҳарбий ҳаракатни тўхтатиш мақсадида босим ўтказиши мумкин.
Украина масаласида эса демократлар Киевга ҳарбий ёрдамни давом эттириш ва Россияга нисбатан қатъийроқ сиёсат юритишни талаб қилиши кутиляпти. Бу Киевга қурол-яроқ етказиб бериш жараёнига таъсир кўрсатади. Фақат Конгресснинг Оқ уй ташқи сиёсатига таъсир ўтказиш имконияти чекланган.
НАТО доирасида ҳам ноаниқлик сақланиб турибди. Трамп маъмурияти аввалроқ Германиядан 5 000 америкалик ҳарбий олиб чиқилиши режасини эълон қилган. Европа сиёсатчилари АҚШ қитъадаги ҳарбий иштирокини қисқартириши эҳтимолидан хавотир олиб, мудофаа салоҳиятини кучайтириш зарурлигини таъкидламоқда.
Савдо муносабатида жиддий ўзгариш кутилмаяпти. Европа товарларига нисбатан Америка божи Брюссель учун муаммо туғдиради. Айрим европалик депутатлар эса Вашингтон билан амалдаги савдо келишувини қайта кўриб чиқиш таклифини илгари суряпти.
Умуман, АҚШ оралиқ сайлови натижаси Трампнинг ички сиёсий имкониятини чекласа-да, ташқи сиёсат юмшашини англатмайди. Европа учун асосий вазифа эса Вашингтондаги сиёсий ўзгариш шароитида ўз хавфсизлиги, энергетикаси ва иқтисодий манфаатини ҳимоя қилишдан иборат.
Кенжа Бекжонов, Салимжон Обиджонов (видео) ЎзА