Эврилиш нуқталари
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Шарофиддин Назаровнинг “Эврилиш нуқталари: тарих ва келажак” номли китоби чоп этилди.
Қонунчилик палатасида мазкур китобнинг тақдимотига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Фанлар академияси мутасаддилари ва иқтисодчи олимлар, Ёшлар парламенти аъзолари, илмий жамоатчилик вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Ушбу асар юртимиз босиб ўтган зиддиятли ва мураккаб йўлнинг холис, танқидий ва илмий нигоҳ билан қилинган таҳлили маҳсули. Китобнинг марказий фалсафасини, муаллиф тили билан айтганда, «Эврилиш нуқтаси» концепцияси ташкил этади.
Тадбирда сўз олганлар китобнинг «Эврилиш нуқтаси» жамият ёки давлат ривожланишидаги муҳим бурилиш палласи экани, унда эскича тизим ва инқирозга юз тутган моделдан воз кечиб, тубдан янгиланиш ва юксалишга ўтиш жараёни ёхуд хатоларни тан олмасдан, эскиликни ушлаб қолишга уриниб, таназзулга юз тутиш тўғрисидаги ҳақиқатлар тилга олингани, муаллиф Ўзбекистоннинг яқин ва узоқ тарихини айнан мана шу давр кўзгуси орқали таҳлил қилгани хусусида фикр-мулоҳазалар билдирди.

Шунингдек, тақдимотда ушбу рисола орқали муаллиф дастлаб миллий давлатчилигимиз тарихидаги иккита бутунлай фарқли даврни қиёслаши соҳа олимлари томонидан алоҳида қайд этилди. Биринчиси – очиқлик, илм-фан ва халқаро иқтисодий интеграцияга таянган, минтақани дунёнинг марказига айлантирган Темурийлар Ренессанси.
Иккинчиси эса дунёдаги глобал технологик трендларни ва саноат инқилобини пайқамай қолган, ички низолар ва мутаассиблик ботқоғига ботган, натижада геосиёсий изоляция ва мустамлакачиликка юз тутган Темурийлардан кейинги давр. Муаллиф бу икки даврни шунчаки тарих сифатида эсламайди, балки уларни бугунги кунимиз учун теран бир кўзгу сифатида мулоҳаза қилади.

Муаллиф 2016 йилни мамлакатимиз тарихидаги янги ва музаффар «Эврилиш нуқтаси» сифатида баҳолайди. Китобнинг «Янги бошқарув фалсафаси» бобида эса «Давлат органлари халққа хизмат қилиши керак», деган эзгу тамойилнинг ҳаётимизга кириб келиши, мажбурий меҳнат занжирларининг узилиши ва сўз эркинлигининг таъминланиши тизимли таҳлил этилган.
Рисоладан юртимиз босиб ўтган зиддиятли йўлнинг холис нигоҳ билан қилинган таҳлилий мулоҳазалар ўрин олган бўлиб, унда муаллиф узоқ ва яқин ўтмишимиздаги таназзул сабаблари ва жамиятнинг йўққа чиқарилган имкониятлари ҳақида очиқ фикр юритади. Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб юзага келган парадокслар, иқтисодий сиёсатнинг энг оғриқли нуқталари, келажакда такрорланмаслиги керак бўлган англашга йўналтирилган ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашади.

Рисолада “Истеъмол бозоридаги “ўйинлар”, “Ислоҳотлар имитацияси”, “Янги бошқарув фалсафаси” каби муҳим мавзуларга бағишланган таҳлилий фикр-мулоҳазалар ҳам берилган.
Тадбир якунида иштирокчиларга ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кутубхонасига мазкур китоб тўпламлари совға қилинди.
М.Комилова,
А.Алижонов (сурат), ЎзА