“Еттигузар” Сирдарё шарафини ҳимоя қилади
18 ёшдан 30 ёшгача бўлган маҳалла ҳаваскор футболчилари ўртасидаги анъанавий “Чарм тўп – 2019” спорт мусобақасининг Сирдарё вилояти босқичи якунланди.
Ховос тумани болалар-ўсмирлар спорт мактабининг стадионида ўтказилган 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган маҳалла ҳаваскор футболчилари ўртасидаги анъанавий “Чарм тўп – 2019” спорт мусобақасининг Сирдарё вилояти босқичи якунланди.

Беллашув республика Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон футбол ассоциацияси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва бошқа ҳамкор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.
Мазкур мусобақа ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни, айниқса футболни янада ривожлантириш ва оммалаштириш, улар орасидан иқтидорлиларини танлаб олиш ҳамда муносиб тақдирлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Туман ва шаҳар босқичларида 220 дан ортиқ жамоа иштирок этган мусобақанинг вилоят босқичида 11 маҳалла футбол жамоаси майдонга тушди.

Мусобақанинг 3-ўрини учун кечган баҳсда Янгиер шаҳрининг “Наврўзобод” Оқолтин туманининг “Андижон” маҳаллалари ҳаваскор футболчилари майдонга тушди. Ўйиннинг асосий вақтида 1:1 ҳисоби қайт этилгач, ғолиб пеналтилар сериясида аниқланди ва унда омад “Андижон” маҳалласи футболчиларига насиб этди.
Турнирнинг финал баҳсида Ховос туманининг “Еттигузар” ҳамда Мирзаобод туманининг “Боғистон” маҳалласи жамоаси тўп сурди. Мусобақа шиддатли ва муросасиз баҳсларга бой бўлиб ўтди. Учрашувда “Еттигузар” маҳалласи 1:0 ҳисобида зафар қучди.
“Чарм тўп” футбол мусобақасининг Сирдарё вилояти босқичи ғолиблиги Ховос туманининг “Еттигузар” маҳалласи ҳаваскор футболчиларига насиб этди. Энди улар “Чарм тўп – 2019” анаъанавий мусобақасининг мамлакат босқичида вилоят шарафини ҳимоя қилади.

Турнирда 2-ўринни Мирзаобод туманининг “Боғистон” маҳалласи, 3-ўрин эса Оқолтин туманининг “Андижон” жамоаси эгаллади.
Мусобақанинг ғолиб ва совриндорларига ташкилотчиларнинг диплом, медал ва эсдалик совғалари топширилди.