Етти миллий дастур – Янги Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичи
Мустақиллик халқимизнинг асрий орзу-интилишлари, эркин ва фаровон ҳаёт ҳақидаги эзгу ниятларининг рўёби сифатида миллий давлатчилигимизнинг мустаҳкам пойдеворига айланди. Бугун 35 йиллик тарихига назар ташлар эканмиз, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янгиланишлар ва, энг муҳими, инсон ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар истиқлолнинг ҳақиқий қадрини намоён этаётганини кўрамиз.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи ҳам ана шу – мустақилликни инсон қадри, халқ фаровонлиги ва миллий юксалиш билан уйғунлаштириш ғояси билан йўғрилди. Давлат раҳбари мамлакатимиз тараққиётнинг мутлақо янги даврига қадам қўяётганини таъкидлаб, келгуси ўн йилликни миллий юксалиш даври сифатида белгилади.
Эътиборлиси, янги босқичнинг асосий мақсади сифатида инсон қадрини янада юксалтириш белгиланди. Бу эса мустақилликнинг энг муҳим мезони инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари, муносиб ҳаёти, қонуний манфаатлари ва келажакка бўлган ишончини таъминлаш эканини англатади.
Президент нутқида келгуси йилларда инсон қадрини янада юксалтиришга қаратилган 7 та миллий дастурни амалга ошириш вазифаси белгиланди. Ушбу дастурлар таълим, тиббиёт, иқтисодиёт, экология, адолат, маҳалла ва ташқи сиёсат каби муҳим йўналишларни қамраб олади.
Биринчи миллий дастур – билим ва малакани тараққиётнинг асосий капиталига айлантириш.
Бу вазифа, аввало, ёш авлодга сифатли таълим бериш, уларни замонавий касбларга ўқитиш ва рақобатбардош кадрлар тайёрлашга қаратилган. Олти ёшли болаларни тайёрлов гуруҳларига тўлиқ қамраб олиш, мактабларни халқаро баҳолаш дастурларига жалб этиш, техникумларда халқаро стандартларни жорий қилиш ва ёшларни юқори даромадли касбларга тайёрлаш каби вазифалар белгиланди.
Иккинчи миллий дастур – халқимизнинг соғлом ва узоқ умр кўришини таъминлаш.
Инсон қадри, энг аввало, унинг соғлом ва муносиб ҳаёт кечириши билан боғлиқ. Шу боис тиббиёт тизимини такомиллаштириш, профилактика ва сифатли тиббий хизматни кучайтириш аҳоли фаровонлигининг муҳим шарти сифатида намоён бўлади.
Учинчи миллий дастур – иқтисодиётни юқори технология ва меҳнат унумдорлиги моделига ўтказиш.
Янги иқтисодий тараққиёт модели юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар, инновациялар, замонавий технологиялар ва инсон капиталига таянади. Бу эса янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва ёшлар учун замонавий касб ва имкониятларни кенгайтиришга хизмат қилади.
Тўртинчи миллий дастур – сув ва табиатга муносабатни тубдан ўзгартириш.
Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, экологик барқарорликни таъминлаш ва “Яшил макон” умуммиллий ҳаракатини янги босқичга олиб чиқиш келажак авлодлар олдидаги муҳим масъулиятдир. Президент нутқида яқин йилларда туман ва шаҳар марказларида яшил ҳудудлар улушини 30 фоизга етказиш мақсади ҳам белгиланди.
Бешинчи миллий дастур – суд мустақиллигини кучайтириш ва қонун устуворлигини умумий қадриятга айлантириш.
Бу йўналиш инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан алоҳида аҳамиятга эга.
Адолат қарор топган жойдагина инсоннинг давлатга ишончи, жамиятнинг барқарорлиги ва иқтисодий тараққиёт таъминланади. Шунинг учун ҳуқуқий тарбияни мактабдан бошлаш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг қонуний кафолатларини кучайтириш, кибержиноятчилик, одам савдоси, гиёҳвандлик, яширин иқтисодиёт, уюшган жиноятчилик, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини камситишга қарши курашни янги босқичга олиб чиқиш вазифалари белгиланган.
Бу вазифалар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи миллий институтлар, жумладан, Омбудсман институти зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Зеро, фуқаронинг ҳуқуқи бузилганида уни эшитиш, муаммосини ўрганиш, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва давлат органлари фаолиятида инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш ҳуқуқий демократик давлатнинг муҳим белгисидир.
Олтинчи миллий дастур – маҳаллани жамият тараққиётининг асосий буюртмачисига айлантириш.
Маҳалла инсон ва давлат ўртасидаги энг яқин мулоқот майдонидир. Шунинг учун ҳудудларни ривожлантириш, аҳоли муаммоларини ҳал этиш, ижтимоий хизматлар сифатини оширишда фуқароларнинг фикри ва эҳтиёжларини инобатга олиш муҳим аҳамият касб этади. Бу ёндашув “давлат – жамият – инсон” муносабатларини янада такомиллаштириб, аҳолининг жамоатчилик бошқарувидаги иштирокини кучайтиришга хизмат қилади.
Еттинчи миллий дастур – Ўзбекистоннинг тинчлик ва дўстлик диёри, бағрикенг ўлка сифатидаги нуфузини янада юксалтириш. Тинчлик, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва яхши қўшничилик мамлакатимиз барқарор тараққиётининг муҳим кафолатларидир. Ўзбекистоннинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилади.
Ушбу 7 миллий дастурни бирлаштириб турган ягона ғоя – инсон қадрини юксалтириш.
Таълим инсоннинг билим ва салоҳиятини ривожлантиради. Тиббиёт унинг соғлом ҳаётини таъминлайди. Иқтисодий тараққиёт муносиб меҳнат ва даромад имкониятларини яратади. Экология келажак авлодлар ҳуқуқини ҳимоя қилади. Адолат ва қонун устуворлиги инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлайди. Маҳалла инсон муаммосини жойида ҳал этишга хизмат қилади. Тинчлик ва бағрикенглик эса барқарор ҳаётнинг асосини яратади.
Шу маънода 7 миллий дастурни фақат иқтисодий ёки ижтимоий вазифалар йиғиндиси сифатида эмас, балки инсон ҳуқуқлари ва қадр-қимматини таъминлашнинг комплекс миллий дастури сифатида ҳам баҳолаш мумкин.
Янги тараққиёт босқичида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш институтининг вазифалари ҳам тобора кенгайиб бормоқда.
Омбудсман институти учун бу, аввало, фуқароларнинг мурожаатларини самарали кўриб чиқиш, ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш, давлат органлари билан ҳамкорликда муаммоларни тизимли ҳал этиш, қонунчиликни инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишни англатади.
Айниқса, қонун устуворлиги ва суд мустақиллигини кучайтиришга қаратилган бешинчи миллий дастур инсон ҳуқуқлари ҳимояси тизимини янада такомиллаштириш учун муҳим ҳуқуқий замин яратади.
Отабек ТОШНИЁЗОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили.
ЎзА